«Қашқадарёда ИИБ ходими 6 ёшли ўқувчини машинасида судраб кетди. У ёрдам беришни истамаган». Шу ростми?

16 февраль куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ҳайдовчи, Ж.Ҳ. (1977 й.т.) Nexia автомобилида пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган 6 ёшли пиёдани уриб юборган. Бу ҳақда «gazeta.uz» хабар бермоқда.

Ҳодиса соат 15:00ларда «Янгиобод» МФЙ ҳудудидан ўтган автомобиль йўлининг 2-километрида содир бўлган. 1-сонли мактаб рўпарасидаги пиёдалар ўтиш йўлагининг чап томонидан ўнг томонига ўтаётган пиёда, ушбу мактабнинг тайёрлов синфи ўқувчиси, Ф.Қ. (2014 й.т.) ни уриб юбориб, ЙТҲ содир этган.

Мазкур ЙТҲ оқибатида пиёда, 6 ёшли Ф.Қ. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

«Kun.uz» нашри маълумотларига кўра, автоҳалокат вақтида 1-сонли мактаб ўқитувчиси Г. А. пиёдалар ўтиш жойида ўқувчиларини олиб ўтмоқчи бўлган. Машина жуда катта тезлик билан келиб, болани уриб, судраб кетиб қолган. Ҳайдовчининг ИИБ ходими экани айтилмоқда.

«Биринчи ёрдам кўрсатишга ҳам бормади. Биринчи менга бақирди. Болани у эмас, мана шу ерда турган йигитлар кўтариб машинага солди» — дейди ўқитувчи.

ЙТҲ содир бўлган йўлда пиёдалар ўтиш белгиси ўрнатилгани маълум қилинди.

«Бола машинанинг тагига кириб қолди, судраб кетди у. Биринчи тўхтамоқчи эмасмиди, уни олдига тўхта-тўхта деб югурдик. Болани тагидан чиқариб олдик. Биринчи ёрдам кўрсатиш учун машинага ортайлик десак, ҳайдовчи мен машина ҳайдолмайман, ортмайман, „скорый“ келсин деди. Машинадан тушмади, домлани сўкиб ётибди. Ҳайдовчи участка инспектори эди. Кийимим қон бўлади, деб, болани усталарга туширтирибди», — дейди воқеа гувоҳи М.Ҳ.

Бундан ташқари, бола касалхонага олиб келинганида рўйхатга олиш пайтида ўзи келган дея ёзиб қўйилгани маълум бўлди.

Ҳозирда боланинг аҳволи оғир. Унга оғир қўшма шикастланиш, оғир очиқ калланинг чикастланиши, бош миянинг ўрта оғир даражада лат ейиши, чап сон суягининг бўйин қисмида ёпиқ бўлакланиб синиб силжиши каби ташҳислар қўйилган.

Ҳолат юзасидан Чироқчи тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Улашинг: