Ҳакамни тепгани учун 10 йилга футболдан четлатилган «Нефтчи» футболчиси озодликка чиқарилди

Футбол бўйича Ўзбекистон Про Лигасининг 2019/20 йилги мавсуми 20-туридан ўрин олган «Нефтчи» — «Турон» учрашувида ҳакамни тепган «Нефтчи» футболчиси Жамшид Тўрақулов озодликка чиқарилди. Бу ҳақда Фарғона клуби матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Жамшид Тўрақулов билан биргаликда Фарғона клубининг бошқа бир футболчиси Достон Тошматов ҳам 19 февраль, жума куни суд залидан озодликка чиқарилган.

Ўзбекистон футболчилар касаба уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоевнинг «Tribuna.uz» нашрига маълум қилишича, 15 февраль куни ўтган суд мажлисида Фарғонадаги ўйинни бошқарган ҳакамларнинг ўзлари ҳам иштирок этиб, футболчиларга нисбатан ҳеч қандай адовати йўқлиги, уларнинг озод этилишларига қарши эмасликларини билдирган. 19 февраль куни эрталаб суд мажлиси бўлиб, кечга яқин суд ҳукми эълон қилиниб, футболчилар озодликка чиқарилган. Шунингдек, Мурзоев футболчиларга нисбатан ЎФА тартиб-интизом қўмитаси тайинлаган жазолар ҳали амалдалигини маълум қилди.

Шунингдек, Мурзоев футболчиларга нисбатан ЎФА тартиб-интизом қўмитаси тайинлаган жазолар ҳали амалдалигини маълум қилган.

Жамшид Тўрақулов ва Достон Тошматовга нисбатан ЎФА тартиб-интизом қўмитаси тайинлаган жазо чоралари ҳали амалда. Бу масалада ҳам мурожаат этиб, қандайдир ечим излашга ҳаракат қилиб кўрамиз. Ҳар ҳолда футболчиларнинг ўзлари ҳам хато қилганини тўлиқ англаб етган. Бўлиб ўтган ишлардан жуда ҳам пушаймон. Улар тўғри йўлга қайтишига ишонамиз. Буёғига уларнинг тарбияси ва кейинги ҳаёти ҳақида ҳам қайғуришимиз керак.

Камолиддин Мурзоев, Ўзбекистон футболчилар касаба уюшмаси

Нашр Жамшид Тўрақуловнинг отаси Лочин Тўрақуловнинг фикрларини ҳам тақдим этди. У ўғлини бир ой давомида кўрмаганини таъкидлаган.

Қарийб 40 кун терговда бўлди, ўғлим. Ундан кейин иш судга оширилди. Оқибатда бир ой ўғлимиз билан кўриша олмадик. Шунча вақт Фарғонадаги «Тоштурма»да эди. 15 февраль куни биринчи суди бўлди. Бугунги суддан кейин эса шукрки, уйга ўғлимиз билан қайтдик. Хурсандчиликдан ҳамма уйимизга келяпти. Клубдагилар ҳам жойларга хат билан чиқиб, ёрдам беришди. Судда ҳам қатнашишди. Суднинг якуний ҳукмига кўра, 3 йил, 9 ойга уй қамоғида бўлади дейишди. Яъни, кечки соат 22:00 дан саҳарлаб 06:00 гача ташқарига чиқиши мумкин эмас экан. Шунга қарамай мен ҳам, онаси ҳам, қариндошлар, ҳаммамиз Жамшид бағримизга қайтганидан жуда ҳам хурсандмиз. 20 кун ичида апелляция беришимиз мумкин экан. Ҳали адвокатимиз билан яна маслаҳатлашармиз.

Лочинбек Тўрақулов, Жамшид Тўрақуловнинг отаси

Эслатиб ўтамиз, «Нефтчи»—«Турон» учрашуви тугаганидан кейин «Нефтчи» футболчилари ва мухлислар ҳакамларга ташланганди. Вазиятларнинг бирида фарғоналиклар ўйинчиси учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаевга оёқ билан зарба берган. Кейинчалик ҳакамга зарба берган футболчи 98-рақамли Жамшид Тўрақулов эканлиги маълум бўлганди.

Шундан сўнг ўйиндан кейин юзага келган тартибсизликларда иштирок этган беш нафар шахсга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ва олти кишига нисбатан жиноят иши очилгани, улар орасида икки нафар «Нефтчи» футболчилари ҳам борлиги ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ ва Ички ишлар вазирлиги «Нефтчи» — «Турон» учрашувининг ташкилий ишларига масъул барча ташкилотлар билан ҳамкорликда учрашувда юзага келган можаро бўйича суриштирув ишлари олиб борганди. Суриштирув натижаларига кўра қуйидагича қарорлар қабул қилинганди:

  • «Нефтчи» клуби футболчиси Жамшид Тўрақулов учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаевга қасддан тан жароҳати етказгани учун унга нисбатан ЎФА Интизом кодексининг 5.6 ва 5.49-бандларига асосан 10 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлатиш интизом чораси қўлланди;
  • «Нефтчи» клуби футболчилари Абдураимов, Зокиров ва Қобулов учрашув бош ҳакамига ҳужум қилганлиги учун уларнинг ҳар бири ЎФА Интизом кодексининг 5.48-бандига асосан 1 йил муддатга футболдан четлатилди ва 15 миллион сўмдан жаримага тортилди;
  • «Нефтчи» клуби футболчиси Достон Тошматов учрашув ёрдамчи ҳаками Сайлавовга нисбатан тажовузкор ҳаракат қилганлиги учун Интизом кодексининг 5.49-бандига асосан 10 та расмий учрашувга дисквалификация қилинди;
  • Учрашув якунлангандан сўнг мухлислар футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаргани, «Нефтчи» футбол клуби масъуллари жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ етарлича чоралар кўрилишини таъминламагани учун «Нефтчи» футбол клубига нисбатан Интизом кодексининг 5.4-бандига асосан 3 та уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиш ва 100 миллион сўм миқдорида жарима интизом чораси қўлланди.

Улашинг: