ИИВ Аҳад Қаюмни расман огоҳлантирганди. У эса «авжига чиқмоқда»

Ўзини салкам «супермен» ҳисоблайдиган Аҳад Қаюм сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хурмача қилиқлари билан «тренд»дан тушмай келмоқда. Унга нисбатан танқидлар ёғилгани сари энсақотар видеолари кўпайгандан-кўпаймоқда.

Аввалроқ Аҳад Қаюмнинг ижтимоий тармоқлар орқали актёр Азиз Раметов билан «даҳанаки жанги» нафақат омманинг, ички ишлар органлари ходимларининг ҳам «назари»га тушганди.

Икки таниқли шахснинг омма кўз ўнгида бир-бирига ҳақоратлар ёғдириши ортидан ҳар иккиси ҳам профилактик суҳбатга чақирилганди.
Суҳбат якунида Азиз Раметов ва Аҳад Қаюм ушбу ҳаракатлари учун узр сўраб, бошқа бундай ҳолат такрорланмаслигига ваъда беришганди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолатга изоҳ бераркан, келгусида улар яна фуқаролар шаънини беодоблик билан камситиш, оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали таҳқирлаш, шунингдек жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузганлиги учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида расман огоҳлантирилганини маълум қилганди.

Бу расмий огоҳлантиришдан ҳеч қанча вақт ўтмай, Аҳад Қаюм яна катта саҳнага чиқди. Бу сафар шунчаки «сўз жанги» қилмади, балки аёл санъаткор билан муштлашишга уринди. Жамоат жойида, кўпчилик кўз ўнгида содир бўлган ушбу хунук воқеага «супермен»нинг аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқатган видеоси сабаб дейилди. У рекламаларда арзон нархга тушмаслигини, фақат 1 млрд. беришса рози бўлишини, арзонига «Даврон Кабулов, Муниса Ризаева ёки Ҳалимахон» борлигини гапирганди.

Пойтахтдаги емакхонада юзага келган жанжалда Ҳалима рақибига ҳақоратлар ёғдиради ва тарсаки туширади, Аҳад Қаюм эса уни тепишга уринади. Бири чинни идишни улоқтириб, чил-чил қилади ва иккинчиси ўшқиради. Хуллас, ўзини таниқли ҳисоблайдиган шахсларга муносиб бўлмаган, умуман, ўзини инсон деб ҳисоблайдиган шахслар учун ярашмайдиган «жонли саҳна» видеоси интернетда тарқалиб кетади.

Аҳад Қаюм ички ишлар вакиллари қаршисида сўраган узрини унутиб, навбатдаги томошасини кўрсатгани қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келди? Расман огоҳлантиришдан кейин ҳам жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаганлиги учун унга нисбатан чора кўрилдими?

Бу ҳақда ҳозирча ҳеч қандай расмий маълумот берилгани йўқ, Аҳад Қаюм эса ўзининг «ўхшамаган» видеоларини тарқатишда давом этяпти.

Бунга «Aҳад Қаюм 30 Z 777 ZZ рақамини ярим миллиардга сотиб олдим деб ёлғон хабар тарқатгани учун жазоланмаганди, энди эса жамоат жойида тиббий ниқобсиз юрибди», деган муносабатлар ҳам билдирилмоқда.

ИИВнинг расмий огоҳлантириши қуввати бир ҳафтага ҳам етмаган кўринади.

Улашинг: