Пандемия фонида сўз эркинлигини “бўғган” давлатлар эълон қилинди. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор

Дунёда COVID-19 пандемияси бошланиши ортидан нотўғри маълумот оқими кўпайди. Бу ҳолат қайсидир маънода айрим давлатлар ҳукуматларига ёлғон маълумотлар тарқатишни чеклаш баҳонаси орқали ўз танқидчилари билан ҳисоб-китоб қилишга имкон яратди. Бу ҳақда “The Economist” нашри ёзмоқда.

Халқаро матбуот институти маълумотига кўра, ўтган йилнинг март–октябрь ойлари оралиғида 17 та давлат Интернетда ёлғон хабар тарқалишига қарши қонунлар қабул қилган. Шундай айблов қўйилаётган мамлакатлар орасида сўз эркинлиги тарафдори бўлиб келган Владимир Путин, Виктор Орбан ва Родриго Дутерте кабилар раҳбарлик қилаётган давлатлар мавжуд. Уларнинг қаторига Ўзбекистон ҳам киритилган.

Таъкидланишича, кейинроқ ушбу рўйхатга Даниэль Ортега (Никарагуа) каби авторитар бошқарувчилар ҳам қўшилган. Гонконг ижрочи раҳбари Кэрри Лам ёлғон хабарлар тарқатишни тақиқловчи қонунни қабул қилишга интилаётгани маълум қилинган.

“Ҳукуматлар доимо сўз эркинлигини назорат қилган. Ёлғон ахборот тарқатиш ҳақиқатан жиддий ва ўсиб бораётган муаммо. Агар сиёсатчилар нотўғри хабарларга қарши, очиқча ёлғон маълумот тарқатувчиларни ушлаш учун қонун қабул қилса, бу бошқа масала. Аммо улар аслида сўз ва матбуот эркинлигини чекловчи, кенг кўламли, эгилувчан чоралар жорий қилса, бу – катта муаммо”, дея таъкидлайди Ноттингем университетининг халқаро ҳуқуқ бўйича мутахассиси Марко Миланович.

Баъзи ҳукуматлар янги қонунлар қабул қилинишини пандемия билан хаспўшлади. Россияда 2020 йил мартда кучга кирган қонунга кўра, жамоат хавфсизлиги алоқадор масалаларда, жумладан COVID-19 ҳақида ҳам қасддан нотўғри маълумот тарқатишда айбдор деб топилган ОАВ 117 000 евро (140 000 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади. Ҳозиргача шу қоидани бузганларни жаримага тортиш ҳолатлари қайд этилган. Журналистлардан бири коронавирус қурбонлари учун 1000 та қабр қазилгани ҳақидаги ахбороти учун 810 доллар жаримага тўлаган.

Айрим давлатларда эса COVID-19 билан боғлиқ ёлғон хабарларга қарши курашиш учун эскириб қолган қонунлар қайта кучга киритилди.

“Бироқ уларнинг асл мақсади мустақил журналистикага қаршилик кўрсатиш ёки уларга ёқмайдиган ахборотни тарқатаётганларга қарши чора кўриш”, дейди Нью-Йорк нодавлат ташкилотининг Журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Кортни Радш.

Яна бир тоифа ҳукуматлар катта эҳтимол билан умуман мавжуд бўлмаган қонунлардан фойдаланяпти. Зимбабвелик журналист Twitter’да полиция ходимлари карантинни назорат қилиш вақтида куч ишлатгани ҳақида пост қолдиргани учун ҳибсга олинган. Журналистнинг адвокати ёлғон хабар учун жиноий жавобгарлик 2014 йилда Конституцион қонун билан бекор қилинганини таъкидлаган.

Шунингдек, пандемия даврида вақтинчалик қонунлар қабул қилиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Баъзи пайтларда расмийларнинг ўзи COVID-19 ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатган. Масалан, Бразилия Президенти Жаир Болсонару фойдасиз таблеткаларни реклама қилган. Беларусь Президенти Александр Лукашенко сауна ва хоккейни коронавирусга қарши дори, деб эълон қилган. Бу каби қонунлар журналистлар ишини мураккаблаштирган. 

Венгрия ҳукумати ОАВ учун нисбатан ёпилган. Журналистлар сўровларини ишловчи комиссия тузилган ва барча сўровларга марказлаштирилган ҳолда жавоб бериш йўлга қўйилган. Беларусда эса журналистлар қувғин қилинди. Улар асосан Польшага кетди. Никарагуада эса ОАВ вакиллари Коста-Рикага кўчиб ўтди. Бунга никарагуалик журналист Люся Пинеданинг 2019 йилда ҳибсга олиниши сабаб бўлди.

Бундай таъқиблар журналистлар эълон қилаётган мақолалар ва одамлар қаердан ахборот олишига таъсир қилади. Баъзи ОАВ янги платформага ўтяпти, масалан Telegram’га. Бедарусда ҳукумат оммавий норозиликларга Интернетни ўчириш ва журналистларни ҳибсга олиш билан жавоб қайтарган. Венгрияда эса ОАВ асосан давлат назорати бўлгани учун пандемия авжига чиққанда асосан ҳукумат кўраётган чораларнинг таъсирчанлигини мақтаб хабарлар берган. Одамлар эса ҳукумат пропогандаси бўлмаган ахборот манбаларини излаган.

Қайд этиш керакки, “Human Rights Watch” ташкилоти Ўзбекистон парламенти мамлакат жиноий ва маъмурий кодекслари ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга сўз эркинлини хавф остига қўювчи, хавотирли ўзгартишлар киритишни кўриб чиқаётгани ҳақида баёнот берганди.

Улашинг: