Томирингиз сувга етган бўлса ҳам тепада Худо бор, қўрқинг!

ИНСОН ҳаётида, тақдирида жуда муҳим аҳамият касб этадиган даргоҳ бор, бу — ФҲДЁ. Одамлар уни ҳануз, “ЗАГС”, деб қўя қолишади. Аввалдан сингиб кетган атама-да, тилу дилда мус­таҳкам қотган тушунча. Майли, бугун бу қутлуғ қадамжонинг қандай айтилаётгани ҳақида гаплашмаймиз, гап бошқа ёқда.

Хўш, бу жойни биз бемалол муқаддас, ҳатто инсоннинг руҳиятига, қалбига эзгулик улашадиган, кўнглини ёритадиган, мавриди келганда эса ёдига бу фоний дунёнинг ўткинчи эканлигини эслатиб, унинг хотирасини уйғотадиган маскан ҳам, деб билишимиз керак. Негами? Инсон фарзанди туғилганда шодлигу қувонч макони бўлиб унга гувоҳнома тутади. Бир инсон туғилади, ФҲДЁ уни расман тасдиқлайди, бу ҳаётда мавжудлигига гувоҳлик беради. Ўша ўғлон ё қиз вояга етиб тақдир аъмолини ўз жуфти билан боғлаган дамда эса никоҳ қоғозини беради. Бу ҳам инсон умридаги энг гўзал кун, энг фарахбахш лаҳза. ФҲДЁ ана шундай онларда сизу бизнинг қувончимизга шерик бўлади. Туғилдинг, яшадинг, турмуш қурдинг — борлигинг, бахт-саодатингга оқ йўл тилайди бу маскан. Бу дунё ўткинчи, фоний, тақдиру азалнинг ёзиғи эса барҳақ. Инсон фарзандини сўнгги йўлга кузатар чоғида ҳам шу масканга ишимиз тушади, беш кунлик дунёда, ҳаётинг интиҳосида ҳам ФҲДЁ гувоҳлик беради. Ўлим ҳақидаги ҳужжат расмийлаштирилади.

Қаранг, туғилиш, никоҳ, ўлим борасидаги гувоҳнома берадиган, бизнинг бу ҳаётда бору йўқлигимиз ҳақида гувоҳликка ўтадиган бу масканнинг муқаддас бир зиёратгоҳдай ёрқин гўша эканлигига шубҳа қилишимиз мумкинми? Гувоҳ, гувоҳлик, гувоҳнома, деган улуғ сўзлар Яратганнинг олдида қандай муборак ақидага эга бўлса, жамият қаршисида ҳам шундай муқаддас аҳамиятга эга. Ҳар икки тарафда ҳам бу сўзнинг масъулияти олам-жаҳон.https://moevideo.biz/native?id=mv-content-roll-1809&slot=content&api=2.0&ref=m.aniq.uz

Энди, оғриқли бўлса ҳам муддаога кўчсак; шундай азиз даргоҳда, бу дунёга келарингда ҳам, кетарингда ҳам гувоҳлик берадиган, гувоҳлик идораси ходимининг ички ва ташқи олами ҳам ана шундай эзгуликка хосу мос, монанд бўлиши керак-ку! Аввало, Худо бериб шундай ардоқли идорада ишлаш насиб этган экан, одамларнинг қисмати билан боғлиқ заминий битикни адо этиш сенинг чекингга тушган экан, энг аввало, сенинг ўзинг бунга лойиқ бўлишинг керак, ҳа, Худонинг олдида ҳам, жамиятнинг олдида ҳам.

Афсус, бу идорани фақат маош олиб, кун ўтказиб, ўз хоҳишимча ишлайвераман, менга ким нима дерди, ғинг десалар, орқамдаги “тоғларимга” айтаман, томирим тегиб турган уммонларга шикоят қиламан, улар мени суяйди. Улар бор — барҳаётман, гуркираб ўсавераман, дейдиган кимсаю нусхалар ҳам мавжудлиги сир эмас. Одамларнинг норозилигига сабаб бўлаётган, ортиқча сансалорликни ўзларига эп кўриб, касб қилиб олганлар энди унутмасликлари керак, сиз айтган бемалолтўрачилик даври ўтди. Ҳалол ва пок бўлсангиз, ўша муқаддас ва қадрли даргоҳга лойиқ бўлсангиз, ишлайсиз. Улуғ адибимизнинг шоҳ асарида ёзилгани каби “Бу муқаддас даргоҳдан ҳеч ким норизо бўлиб кетмаслиги керак…” Сиз туфайли бу жойдан одамларнинг кўнг­ли ўксиб қайтиши энди мумкин эмас. Бу гап соҳанинг виждонли ва фидойи, жонкуяр, очиқдил вакилларига эмас, балки айрим калондимоғ, “боши осмон, зўр”ларига тегишли.

Шу ўринда бир воқеа ёдга тушади. Қайсидир вилоятдаги туман ФҲДЁ мудираси ўзбошимчалик билан одамларни менсимай, вақтида қабул қилмай, уларнинг кутиб қолиши ва идора олдида тўпланиб ғала-ғовур кўтаришига сабаб бўлади. Тўпланганлар орасида Адлия вазирлиги нашри, “Инсон ва қонун” газетаси мухбири ҳам бор эди. Мухбир ФҲДЁ бўлими мудирасига бундай муносабат, кишиларни ранжитиш нотўғри эканлигини, ҳатто тўлов учун одамлар бошқа жойдаги кассага бориб овора бўлаётганини айтади. Зум ўтмай таҳририят Бош муҳарририга бу воқеадан катта идорадагилар ҳам воқиф бўлганлиги, бебош мухбирни тийиб қўйиш лозимлигини айтиб, қўнғироқ қилишади. Бу ҳам етмагандай соҳага тегишли вазирликдаги идора ходимлари ярим тунда яна қўнғироқ қилишади. “Ходимингиз опадан бир узр сўраб қўйса бўларди, ҳар ҳолда катта идорадан акамиз бизга Сизлардан хафа бўлиб қўнғироқ қилдилар, уларга айтишимиз керак…” Қани энди, гапга тушунишса. Охири Бош муҳаррирнинг ҳам тоқати тоқ бўлади: “Опангга ҳам… ўша акангга ҳам… мендан Салом айт!”

Шунақа гаплар. Матбуотни менсимаса, одамлар билан муомала инқадар бўлса, ғинг десанг бошингдан маломат ёғдираман, деб туришса, бундай “опа” ёки “ака”ларнинг ахлоқ дунёсидан ёруғлик топиб бўлармикин? Адлия вазирлиги тўғри қилаяпти. Булар билан муросасизликка ўтди.

Шу ўринда масаланинг икки жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Аввало, МДҲ вазирликлари ичида биринчи бўлиб коррупцияга қарши халқаро сертификатни киритиш баробарида, адлия бу соҳадаги курашини бир зумга бўлса ҳам тўхтатгани йўқ, аксинча кучайтирмоқда. Янги танловдан ўтган ходимани кузатувга олиш, эгри йўлга бош урса, аямасдан ишдан бўшатиш, бу “ишон, бироқ текшириб кўр” тамойили ишлаётганини ҳам кўрсатади.

Иккинчидан, ФҲДЁ идоралари 2018 йил февралдан 2020 йилнинг баҳорига қадар ҳокимиятларга бўйсундирилган эди. Бу даврда кўп мутахассисларнинг айтишича, тизимга жиддий шикаст етган, назоратсизлик, коррупция, таниш-билишчилик, қонунсизликларнинг авж олишига олиб келган. Президентнинг ўз вақтида бу тизимни Адлия вазирлиги тасарруфига қайтаргани тўғри қарор бўлди. Оёғи ердан узилган, ҳаром пуллар хулқини ҳам бузган мудираларнинг соҳада ишлашига нуқта қўйилмоқда. Яъни, ким бўлишидан қатъи назар, вазифасига нолойиқ бўлса ишдан олинмоқда. Ҳатто, ФҲДЁ органи ХОДИМИ коррупцияга қўл урса, раҳбари билан бирга ишдан бўшатилмоқда.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 августдаги 514-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2020 йил 6 октябрдаги “Туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари ходимларини навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш ҳақида”ги буйруғига асосан 2020 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ФҲДЁ бўлимлари ходимлари навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилган. Унга кўра, аттестациядан ўтказилган жами 473 нафар ходимнинг 208 нафари (44 нафар) эгаллаб турган лавозимига нолойиқ, 102 нафар (21 фоиз) эса ўз ишига шартли равишда лойиқ, деб топилган. Лавозимига шартли равишда лойиқ, деб топилган 102 нафар ходим 6 ойдан сўнг яна аттестациядан ўтиши белгиланди.

Эътибор беринг-а, лавозимига нолойиқ, деб топилган мудир(а)лар сони 52 нафар, инспектор ва иш юритувчилар сони 156 нафарни ташкил этади. Шундан меҳнат шартномаси бекор қилинган туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари мудир(а)лари сони 11 нафар, инспектор ва иш юритувчилар сони 70 нафардан иборат. Қолаверса, рейд (сирли мижоз) тадбирлари натижасига мувофиқ, 10 нафар ФҲДЁ бўлими мудирлари ҳамда 11 нафар инспектор ва иш юритувчилар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бизнингча, ҳар бир вазирлик ва қўмиталар ҳам ўзини-ўзи шундай тозаламаса, коррупциядан қутулиб бўлмайди.

ФҲДЁ юқорида айтганимиздай ёруғ даргоҳ бўлиш лозим. Унда ишлаётган инсоннинг улуғ адиб Чехов айтгани каби юзи ҳам, қалби ҳам, сўзи ҳам, кийими ҳам гўзал бўлиши керак. ФҲДЁ маънавий тугаллик маскани ҳамдир. Грузинларда келин-куёвга “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” китоби туҳфа этиларкан. Шундай экан, келгусида респуб­ликамиздаги ФҲДЁ бўлимлари томонидан ҳам ёш келин-куёвларга тарбиявий аҳамияти юксак бўлган бадиий китобларни совға қилиш йўлга қўйилса, жуда яхши бўларди. Негаки, китобхон ота-­онанинг ўз фарзандига ҳам бу олий фазилат ўтиши шубҳасиз. Яъни, адлия органлари китобхон авлодлар сафининг кенгайишига беқиёс ҳисса қўшган бўларди. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг тарғиб этилаётган китобхонлик ғояси ёшлар онгу шуурига янада чуқурроқ сингар эди.

Инсон ҳаёти ва тақдирига даҳлдор идорада фақат пок, ҳалол, маънавияти юксак инсонлар ишласагина, бу идора халққа ҳам, жамиятга ҳам астойдил, кўнгилдагидай хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Қўчқор НОРҚОБИЛ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Улашинг: