Байден Трамп имзолашдан бош тортган фармонни тасдиқламоқчи. Ҳужжат Россия тўғрисида…

Фото: «Thinkstock»

Оқ уй Россияга қарши янги санкцияларни жорий этмоқда. «Washington Post» газетасининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Кремлга қарши жазо чоралари яқин кунларда эълон қилинади.

Жорий йил январь ойида АҚШ разведка идораси SolarWinds деб номланган кенг кўламдаги ҳакерлик ҳужумлари ортида Россия ҳукумати турганини эълон қилди. Ҳакерлар мудофаа, савдо, энергетика, молия ва ички хавфсизлик каби федерал вазирликларга ҳамда 100 дан зиёд хусусий компанияларига ҳужум уюштирган.

Расмий Вашингтон россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланишини ва озодликдан маҳрум этилишини ҳам жиддий хавотир билан қабул қилган. Оқ уй Кремлдан мухолиф сиёсатчини зудлик билан озод қилишни талаб этди. Қўшма Штатлар Россия расмийларига ушбу икки ҳодиса – ҳакерлар ҳужуми ва мухолифат вакилига суиқасд сабаб янги санкциялар жорий этмоқда.

Аслида жазо чоралари хусусидаги фармон жорий йил январь ойида Дональд Трамп томонидан имзоланиши кутилган эди. Аммо сўнгги лаҳзаларда у ҳужжатни имзолашдан бош тортди.

Хўш, янги санкциялар қандай таъсир чораларини ўз ичига олади?
Кузатувчиларга кўра, Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва қамоққа ҳукм этилишига алоқадор бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг мол-мулкига тақиқ қўйилиши, банк ҳисоблари музлатилиши ва уларга нисбатан виза чеклови жорий этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 1991 йилда қабул қилинган «Биологик ва кимёвий қуроллар тўғрисида»ги (CBW Act) қонунга кўра ҳам жазо чоралари қўлланиши мумкин. Давлат департаменти нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, шунингдек, Россия расмий мулозимларига ҳам виза чеклови қўйишни таклиф этмоқда.

Вашингтон Москванинг йирик молиявий лойиҳаси – «Шимолий оқим – 2» бўйича ҳам чекловлар жорий этиши мумкин. Трамп маъмурияти даврида миллий хавфсизлик кенгашида фаолият юритган Райан Таллига кўра, виза ва мулк тақиқлари расмий Москвага у қадар таъсир этмайди, аммо катта маблағ тикилган «Шимолий оқим – 2» лойиҳаси бўйича чеклов Кремль расмийларини мушкул ҳолатга солиши тайин.

Аввал хабар берганимиздек, яқин иттифоқчилар – АҚШ ва Германия ўртасида айнан ушбу газ лойиҳаси сабаб жиддий ихтилоф етилиб келмоқда.

Болтиқ денгизи орқали ўтадиган янги қувурлар Россия газини Германияга тўғридан-тўғри етказиш имконини беради. Айни пайтда рус гази кўҳна қитъага асосан Қора денгиз орқали етказилади. «Шимолий оқим – 2» лойиҳаси ишга тушиши билан Россия Шарқий Европа мамлакатларини айланиб ўтиш имконига эга бўлади.

АҚШ ушбу лойиҳа Россияга энергетик қарамликни кучайтиради деб ҳисоблайди. Шунингдек, НАТО аъзоси бўлган Шарқий Европа мамлакатлари энергетик жабҳада заифлашади деган хавотир мавжуд.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен илк чиқишлариданоқ Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши айбдорларини жавобгарликка тортиш ташқи сиёсатдаги асосий йўналишлардан бири бўлишини таъкидлаб келмоқда. Ҳафта бошида Европа иттифоқи томонидан Россияга қарши санкциялар жорий этилишини ҳам биринчилардан бўлиб Давлат котиби Блинкен олқишлади.

АҚШ президенти Жо Байден ҳам «Кремль муаммоси»га жиддий эътибор қаратиб келмоқда. У, хусусан, ўтган ҳафта Мюнхен халқаро анжуманидаги маърузасида Россия демократик қадриятларга дахл қилаётгани, НАТО ва ЕИни заифлаштиришга уринаётгани айтган эди.

Расмий Москва эса санкцияларга муносиб жавоб берилишини айтиб келади. Ўтган ҳафта ушбу масалага мунсобат билдирган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ жорий этаётган санкцияларни «самарасиз» деб баҳолаган.

Улашинг: