Санжай Ойдан тушиб, Насафий Ердан чиққанми? Нега суд бир хил масалага турлича ёндашмоқда?

2020 йил 12 октябрь куни Давлатимиз раҳбари ҳузурида интеллектуал мулк объектлари муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича кенгайтирилган йиғилишда ҳамда Президентимизнинг 2021 йил 28 январдаги «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланиб, соҳа бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, соҳага халқаро тажрибани кенг татбиқ этиш лозимлиги қайд этилиб, барча давлат органлари ва идораларининг соҳани ривожлантириш бўйича мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди.

Интеллектуал мулкни, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқини одил судловни таъминламасдан ҳуқуқий ҳимоя қилиб бўлмаслиги ва олдинлари бу соҳа бўйича суд ишлари деярли кўриб чиқилмаганлиги инобатга олинган ҳолда интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бўйича суд органлари ходимларининг малакасини ошириш учун уларни ўқитиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги муаллифлар, ижодкорлар, ихтирочилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд органларининг алоҳида ўрни бор.

Одил судловни таъминланаётганлиги, судларнинг бу борадаги ишлари тўғри йўлга қўйилаётганлиги интеллектуал мулк объектларининг ҳимояси, интеллектуал мулкка бўлган ҳурматнинг ўсишига, ўз навбатида мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги яхшиланишига ҳамда хорижий инвесторларнинг республикамизга кириб келишига қулай муҳит яратилишига замин яратмоқда.

Агентлик томонидан 2020 йил ва 2021 йил январь, февраль ойлари давомида 50 га яқин маъмурий иш материаллари тегишли туман (шаҳар) маъмурий судлар ва жиноят ишлари бўйича судларига киритилган. Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоят маъмурий ва жиноят судлари киритилган иш материалларини тез фурсатларда кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилган.

Хусусан, хонанда Азизиддин Акмалов (Насафий) томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича иш материаллари суд томонидан 15 кунда ҳал этилган бўлса, худди шундай хонанда Достон Эргашевга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий иш материаллари ҳам тезкорлик билан ҳал этилган ва маъмурий жазо чоралари тайинланган.

Аммо Санжай тахаллуси билан ижод қилаётган Санжар Джавбердиевга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома хонанда Насафийдан олдинроқ тузилганлиги ҳамда унга аллақачон маъмурий жазо тайинланган бўлишига қарамасдан ушбу ишни кўришни Навоий шаҳар маъмурий суди пайсалга солмоқда.

Бу эса, турли ОАВлар ва ижтимоий тармоқларда «Санжайга нега муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун тегишли суд томонидан бошқалар каби маъмурий жавобгарлик чорасини кўрилмаяпти?», «Қонунлар барчага тенг ишлаши керак эмасми?», «Ишларни кўришда икки хил қараш мавжудми? деган ҳақли эътирозларни пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Ҳолат бўйича 2020 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан муаллифларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Санжар Джавбердиев (Санжай)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖтК) 177(1)-моддаси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Навоий шаҳар маъмурий судига юборилган.

Агентлик томонидан МЖтКда белгиланган тартиблар асосида баённома расмийлаштирилган ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона марказлаштирилган ахборот тизими орқали киритилган, аммо Навоий шаҳар маъмурий суди томонидан 2020 йил 25 декабрь куни маъмурий иш материаллари ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддаси (Ёлғон гувоҳлик бериш) ва 240-моддаси (Жиноят процессини юритиш қатнашчиларининг ўз зиммасидаги вазифани бажаришдан бўйин товлаши) моддалари талаблари тушунтирилмаган, деган важ билан қўшимча суриштирув ўтказиш учун МЖтКнинг 303-моддаси билан Агентликка оддий бир хат билан қайтарилган. Ҳолбуки, МЖтКда ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-240-моддалари талабларини тушунтириш лозимлиги белгиланмаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги «Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 35-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш маъмурий ишни қайтариш тўғрисида ажрим асосида қайтарилиши лозимлиги белгиланган.

Агентлик томонидан 2021 йил январь ва февраль ойи давомида бир неча бор ушбу иш материалларини Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судига юборилган бўлишига қарамасдан суд томонидан асосиз қабул қилинмасдан келинмоқда. Суд вакиллари томонидан маъмурий иш материаллари тушликка қадар бўлган вақтда (соат 13:00 га қадар) қабул қилиниши айтилган бўлсада, судга маъмурий иш материаллари тушликка қадар олиб борилганда ҳам иш ҳужжатлари қабул қилинмасдан қайтарилган. Ҳужжатлар кейинги куни олиб борилганда ҳам худди шундай ҳолат кузатилган.

Агентлик томонидан маълум қилинишича, юқорида келтирилган ҳолатлар бўйича Навоий шаҳар маъмурий ва жиноят судлари ходимларининг хатти-ҳаракатларига баҳо беришдан йироқ ва бу Агентлик ваколатига кирмайди. Шу сабабли Агентлик томонидан Санжар Джавбердиев (Санжай)нинг иши нима сабабдан 3 ойдан буён қабул қилинмаганлиги ва ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳолати бўйича суд органлари фаолиятига баҳо берувчи тегишли органларга батафсил маълумотлар тайёрланмоқда ва бу маълумотлар албатта уларга тақдим этилади.

Улашинг: