«Бу — сиёсатимизга хиёнат» — Президент баландпарвоз гапирадиган раҳбарларни танқид қилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар муаммолари юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида аёллар муаммоларини ҳал қилиш бўйича масаланинг ечимини топиш зарурлигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, жойларда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида 6,4 миллион аёл билан мулоқот қилинган, натижада 433 минг нафар хотин-қиз “Аёллар” дафтарига киритилиб, электрон база шакллантирилган.

Шундан, 253 минг нафари ишсиз, 44 минг нафари тиббий, 48,5 минг нафари ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтож, 37 минг нафари боқувчисини йўқотган, 33,5 минг нафари ногиронлиги бўлганлар, 9 минг нафари нотурар жойда яшовчилар, 8 минг нафари эса ногиронлиги бўлган фарзандини тарбиялаётган ёлғиз аёлларни ташкил этади.

Ўтган уч ойда республика комиссияси томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг (19 фоиз) муаммолари ҳал этилган.

Давлатимиз раҳбари маҳалла раиси, унинг хотин-қизлар бўйича ўринбосари бошчилигидаги Аёллар маслаҳат кенгашлари “хонадонбай” хотин-қизлар муаммоларини аниқлаб, сектор раҳбарлари олдига аниқ ва лўнда масалаларни қўйиши кераклигини қайд этди.

Сектор раҳбарлари, ҳокимнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси билан бирга, аниқланган муаммоларнинг ечими бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқиб, маҳаллий кенгашларга киритиши ва ижроси бўйича ҳар ойда халқ вакилларига ҳисобот бериши таъкидланди:

  • Туман ва шаҳар ҳокимининг маҳалла ва иқтисодиёт бўйича ўринбосарлари аёллар бандлигини таъминлаш, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган аёлларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
  • ҳокимнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари тиббий ҳимоя ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларни қўллаб-қувватлаш;
  • туман “Халқ банки” раҳбарлари хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилишга;
  • туман прокурори, ички ишлар ва адлия бўлимлари бошлиқлари ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож, зўравонликка учраган хотин-қизларга кўмаклашишга масъул бўлади.

Туман хотин-қизлар ва маҳалладаги Аёллар маслаҳат кенгашлари ажралишларнинг олдини олиш, нотинч оилалардаги келишмовчиликларни бартараф этишга масъул бўлади. Ушбу раҳбарлар ҳафтанинг 2 куни фақат аёллар масалалари билан шуғулланади.

Вилоят ва республика даражасидаги раҳбарлар ҳам ушбу тизим асосида белгиланган йўналишларга масъул бўлади. Республика комиссияси хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат идораларининг ҳамкорлигини мувофиқлаштириб боради.

– Менга баланпарвоз гаплар керак эмас. Шодиёна ва Бунёдкор маҳаллаларидаги аҳвол жойларда вазият қандай эканини яққол кўрсатди. Бу — сиёсатимизга хиёнат. Мўътабар аёлнинг иззат-икромини жойига қўймас эканмиз, қилаётган барча ишларимиз беҳуда. Бугун йиғилишда сўзга чиқадиган раҳбарлар ҳам қуруқ ҳисобот эмас, масаланинг аниқ ечимлари бўйича таклифларини берсин, – деди давлат раҳбари.

Улашинг: