Юнусободда 5 нафар талабанинг ўлимидан кейин видеоселектор ўтказилди

Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев бошчилигида талабалар яшаш шароити ва ҳаракатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш масаласида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Муҳокама натижасида  қуйидагиларни амалга оширишга келишиб олинди:

Биринчидан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Талабалар яшаш шароити ва харакатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш” юзасидан қўшма қарорини қабул қилиш;

қўшма қарорда ҳар бир ҳудудда Ишчи гуруҳ тузиб, ижарада ва яқин қариндошиникида яшаётган талабалар бўйича ўрганиш тизимини жорий қилиш;

Иккинчидан, ҳар бир ҳудуд кесимида талабалар турар жойлари ва ижарадаги талабаларнинг яшаш шароити ва турар жойи ҳолатини, айниқса ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик талабларига мос келишини тўлиқ танқидий ва таҳлилий ўрганиш;

Учинчидан, олий таълим муассасалари проректорларининг лавозим вазифаларини қайта кўриб чиқиб, уларнинг талабалар турар жойи ва ижарада яшайдиган талабалар билан ишлаш тизимини яратиш;

Тўртинчидан, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари билан биргаликда ҳар бир талабалар турар жойидаги ёнғин хавфсизлиги ва бошқа техник хавфсизлик масалаларини ўрганиб чиқиш;

Бешинчидан, талабаларга бирламчи ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик масалалари бўйича етарли тушунтиришлар бериш;

Олтинчидан, ижарада турадиган талабалар билан гуруҳ мураббийлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла масъуллари томонидан ҳамкорликда олиб бориладиган профилактик тадбирлар қамрови ва сифатини ошириш;

Еттинчидан, вилоят марказларига ёки Тошкент шаҳрига узоқ туманлар ва бошқа вилоятлардан ОТМларга ўқишга келиб, ижарада турадиган талабаларни вақтинчалик рўйхатга олиш механизмини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

Саккизинчидан, ОТМларга ўқишга қабул қилинган талабаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, талабалар турар жойларини қуриш юзасидан ишлаб чиқилган манзилли дастурни такомиллаштириш.

Ишчи гуруҳлар жорий йилнинг 1 мартидан ўз фаолиятини бошлайди.

Улашинг: