Жанубий Кореяда болаларга нисбатан зўравонлик учун ўлим жазоси жорий этилди

    Мар 2, 2021

    Жанубий Кореяда болаларга нисбатан зўравонлик учун ўлим жазоси жорий этилди. Мамлакат бундай жиноятлар сонининг ортиши муносабати билан болаларга нисбатан зўравонлик учун жазоларни кучайтирмоқда, деб ёзади Korea Herald.

    Миллий ассамблеянинг ялпи мажлисида ҳокимият болаларни зўрлаганлик учун жазо тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқишга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди. Унга кўра, ўлдириш ниятида бўлмаган тақдирда ҳам болаларга зўравонлик қилганлар қотиллик учун айбдор деб топилади. Мазкур тузатиш ўгай ота-онаси ёмон муносабатда бўлгани туфайли вафот этган 16 ойлик қизнинг номи билан Jeong-in Act («Чон Ин қонуни») деб аталди.

    Қайта кўриб чиқилган қонунга мувофиқ, болаларга нисбатан беихтиёр ўлимга олиб келувчи куч ишлатган шахслар етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниши ёки ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

    Таъкидлаш жоиз, ялпи мажлисда қатнашган 254 депутатдан 252 нафари қонунни қабул қилиш учун овоз берди, бир нафар депутат қарши чиқди ва биттаси бетараф қолди.

    «Чон Ин билан юз берган шу сингари фожиали ҳолатларни шунчаки қаттиқроқ жазо билан ҳал қилиб бўлмайди. Жиноятчилар қилмишининг оқибатларини билса ҳам, жиноят қилаверади», — деди қонунга киритилган ўзгартиришга қарши овоз берган мухолифат партияси аъзоси Ким Ун.

    Нашрнинг таъкидлашича, Жанубий Кореяда болаларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги хабарлар сони ҳар йили ўсиб бормоқда — 2015 йилда 11 мингдан 2019 йилда 30 минггача.

    Ялпи мажлисда, шунингдек, ўспиринларга қарши жиноятлар учун жазони оғирлаштирадиган бир нечта қонун лойиҳалари қабул қилинди. «Ёшларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартириш жинсий эксплуатация учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 30 миллион вон (26 720,37 доллар) миқдорида жаримага тортилишни назарда тутади.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!