Мьянмада фожиа: бир кунда 38 киши ўлдирилди

Мьянмада чоршанба куни намойишлар зўравонлик билан бостирилди, натижада 38 киши ўлди. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг Мьянма бўйича махсус вакили Кристин Шранер-Бургенер Нью-Йоркдаги брифингда айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, чоршанба бу мамлакат учун сўнгги ойда энг қонли кун бўлган, чунки мамлакатда ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Янгиликлар маркази маълумотларига кўра, шу вақт ичида Мьянма хавфсизлик кучлари ҳаракатлари натижасида жами 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

1 февраль куни Мьянма армияси Давлат маслаҳатчиси Аунг Сан Су Чжи ва бошқа раҳбарларни ҳибсга олди, уларни 2020 йил ноябрда «сайловларни сохталаштиришда» айблади. Ҳарбий комендант Мин Аунг Хлаинг навбатдаги сайловгача бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга киритгандан бери Мьянма бўйлаб норозилик намойишлари давом этмоқда, хабарларга кўра миллий хавфсизлик кучлари уларни тарқатиш учун қурол ишлатган.

Улашинг: