«Ухан сирлари» очиладими?

Хитойнинг Ухан шаҳрида икки ҳафта ишлаб қайтган ЖССТ экспертлари тўлиқ ҳисоботи 15 мартдан кейин эълон қилинади. Бу ҳақда ташкилот раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус маълум қилди.

Ҳужжатлар ташкилотга аъзо-мамлакатларга тақдим этилади, дея аниқлик киритди Гебрейесус.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ шафеълиги остидаги бир гуруҳ халқаро олимлар 14 январь куни Ухан шаҳрига етиб боришган ва икки ҳафта давомида тадқиқотлар ўтказишган.

ЖССТ Уханга юборган олимлар даниялик Питер Бен Эмбарек бошчилигида ишлашган. Хитой ташкилот миссиясини COVID-19 тарқалганидан сўнг бир йил ўтиб киритишга розилик берганди.

Миссиядан кейинги дастлабки берилган маълумотларга кўра, коронавируснинг келиб чиқиши ҳайвон омилига бориб тақалади, вирус лабораторияда яратилган деган тахминлар эса «келгусида ўрганишга арзимайди», деб ёзмоқда «The New York Times». ЖССТ экспертлари Хитой ҳукуматидан COVID-19нинг энг эрта юқтирилиши ҳолатлари бўйича маълумотларни олиша олмаган. Хитой бу борадаги маълумотни беришдан бош тортган, деб ёзади «The Wall Street Journal».

Шунинг учун ҳам айрим экспертларнинг миссиядан кўнгли тўлмаган, янгисини юбориш керак, деган талабни илгари суришмоқда.

Эслатиб ўтамиз, биринчи тарқалган ва энг оммалашган хабарларга кўра, Ухан — коронавирус инфекциясининг илк ўчоғи. Инфекция ҳайвонлар сотиладиган бозордан тарқалган. Олимларга кўра, коронавирус кўршапалаклар орқали тарқалган.

Тўлиқ ҳисобот чиққунича бир нарса дейиш қийин, ҳар ҳолда биринчи миссия биринчи тахминлардан ортиқ нарса билан қайтганга ҳам ўхшамайди, ҳозирча…

Улашинг: