«Кино зўр чиқди». Шавкат Мирзиёев актриса Юлдуз Ражабовани ижодни сусайтирмасликка чақирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 март—Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали маросимда актриса Юлдуз Ражабова иштирокидаги фильмни эътироф этиб, уни ижодни сусайтирмасликка чақирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати томонидан тақдим этилган «Махсус ракурс» кўрсатувининг навбатдаги сонида ҳикоя қилинади.

«Тақдирлаш маросими протокол талабларига мувофиқ расмий тарзда эмас, Президент Шавкат Мирзиёевга хос бўлган самимий тусда ўтди. Зулфия мукофоти соҳибаларини оталарча табриклаган бўлса, каттароқ авлод вакилларига қўлини кўксига қўйиб эҳтиром кўрсатди. Тақдирлаш маросими якунланганидан сўнг давлат раҳбари тайёрланган столга эмас, балки дипломатик корпус вакиллари томон юрди. Бу жараёнда эса таржимон хизмати деярли керак бўлмади. Хитой Халқ Республикаси элчиси Сян Ян хоним президентга ўз миннатдорлигини ўзбек тилида изҳор этди», — дейилади кўрсатувда.

Қайд этилишича, президент залга йиғилган аёл-қизларни қутлашда фақатгина дипломатлар билан чегараланиб қолмаган. Давлат раҳбари залнинг деярли ярмини айланиб чиққан.

«Стол оралаб, аёлларни табриклаб чиқар экан, ҳамма учун вақт ажратишга ҳаракат қилди. Йиғилганлар ҳам ўз ўрнида президент билан кўришишдан хурсанд эканлигини айтишди. Қайноқ табрик ва қутловлар учун миннатдорлик билдиришди. Шавкат Мирзиёев уларнинг кўпчилигини шахсан билар ёки муваффақияти билан шахсан таниш эди. Масалан, ‘Шуҳрат’ медали соҳибаси актриса Юлдуз Ражабованинг олдидан ўтар экан, унинг иштирокидаги фильм ҳақида илиқ фикрлар билдирди ва ижодни сусайтирмасдан шу тарзда давом эттиришни айтди», — дейилади кўрсатувда.

Маълумот учун, Юлдуз Ражабова турк кино ижодкорлари билан ҳамкорликда суратга олинган «Мендирман Жалолиддин» сериалида  Қутлибека образини гавдалантирмоқда. Шунингдек, у «Оскар» мукофотига тавсия этилган «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмида ҳам бош ролни ижро этган.

Улашинг: