Бухорода 10 га яқин шахсга қасддан ОИВ инфекциясини юқтирган аёл қўлга олинди

1 март куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда, Когон шаҳар, Бирдамлик кўчасида яшовчи, 1994 йилда туғилган Х.Д. исмли аёл фуқароларга қасддан ОИВ инфекциясини юқтиргани аниқланди. Бу ҳақда вилоятнинг янгиликлар нашри хабар қилди.

Айбланувчи 2017 йилнинг 21 декабрь кунидан бошлаб Бухоро вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари томонидан ОИВ инфекциясини юқтирган шахс рўйхатга олинган.

Фуқаро ОИВ инфекциясини бошқа шахсларга қасддан юқтирганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида огоҳлантирилган ва ундан эҳтиёткорлик юзасидан тилхат олинган. 

Шунга қарамасдан, ўзининг ОИВ инфекциясига чалинганлигини била туриб, 2020 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг февраль ойига қадар, 10 дан ортиқ фуқаролар Р.Ш., Р.Б., А.Ж., С.Ш., Ҳ.Б., Ш.А., М.А., Э.А., Ҳ.Д. ва бошқа шахслар билан Бухоро шаҳрининг турли жойларида ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб, ушбу шахсларга ОИВ инфекциясини қасддан юқтириш ва юқтириш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан Х.Д.исмли аёлга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Улашинг: