XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Бухорода пора билан қўлга тушган боғча мудирасига 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси берилди

    Мар 9, 2021

    Бухорода иш сўраб келган фуқародан 300 доллар олган боғча мудирасига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Бобораҳим Очилов маълум қилди.

    Маълум бўлишича, 2019 йилнинг 15 октябрь кунидан буён Ғиждувон туманидаги 71-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси лавозимида ишлаб келган Д.Р. ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда қабулига иш сўраб келган Гулноза Ғайбуллаевани хўжалик мудираси вазифасига ишга қабул қилиши эвазига 300 доллар талаб қилган. Бунча миқдордаги маблағи бўлмаган фуқаро бепул ишга жойлашишини узоқ вақт кутган. Бироқ ҳаракатлари, илтимослари зое кетган.

    Шундан сўнг у 2019 йилдан буён ишга жойлаша олмаётгани, мактабгача таълим ташкилоти мудираси талаб қилаётган 300 доллар миқдоридаги пулни беришга оилавий шароити ва имконияти етмаслиги юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.

    2020 йилнинг 10 декабрь куни фуқаро Гулноза Ғайбуллаева боғча мудирасидан телефон орқали ўтган йилдан буён таклиф қилиб келаётган иш ўрни бўш ёки бўш эмаслиги ҳақида сўраган. Шунда мудира МТТда хўжалик ишлари мудираси лавозими вакант эканлиги, айтилган миқдордаги пулни берса, шу лавозимга уни ишга олишини билдирган.

    Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан фуқаро Гулноза Ғайбуллаевага тадбирда ишлатиш учун махсус фонддан 300 доллар расмийлаштириб берилган. Шу куни кечга яқин у мудира билан туман марказидаги «Фирдавс маркет» савдо мажмуаси олдида учрашган.

    Фуқаро МТТга ишга кирмоқчи эканлигини билдирганида мудира яна такроран ундан келишилган пулни талаб қилган. Шундан сўнг мудирага махсус ишлов берилган 300 доллар берилган. Д.Р. пулларни олиб, чўнтагига солган пайтда тезкор ходимлар холислар иштирокида етиб келган ва ҳолат расмийлаштирилган.

    Тергов-суриштирув жараёнларида боғча мудираси ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Жиноят ишида мавжуд бўлган ва судда ўз тасдиғини топган барча далиллар ўз исботини топган.

    Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди мазкур ишни кўриб чиқиб, мудирани Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг «в» банди (пора олиш) билан айблаб, унга нисбатан  57-модда (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилган.

    «Шунингдек, боғча мудираси 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини ўтайди ва у соат 20:00 дан соат 07:00 гача яшаш жойидан чиқиб кетмайди. Бундан ташқари, унга нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланилиб, 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ҳам тайинланди», — дейди судья Бобораҳим Очилов.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!