Фирибгарликми? “Зулфия” мукофоти ғолиб ўрнига бошқа бир қизга топширилган

Мен Халқаро адабий танлов ғолибаси, Евроосиё Ижодкорлар Уюшмаси аъзоси, Халқаро Китоб форумининг 6 карра финалисти, ижоди хорижий адабий тўплам ва нашрларда ёритиб келинаётган ижодкор, Ўзбекистон бегиси кўкрак нишони соҳибаси, қатор республика танловлари ғолибаси (вилоят ё туман босқичи ғолиби бўлиб, республика босқичи иштирокчиси мақомидан фарқли равишда!) сифатида Республика финал босқичида юқори баҳо тўплаган эдим. Тақдирланган қиз эса, асосан вилоят ва туман миқёсида ютуқларга эришган, шунингдек, Ҳиндистонда йога фестивалига бориб-келганини адабиёт оламидаги ютуқ деб ҳисоблайдиган бир қизча эди.

Натижалар ҳақида хабар топгач, апелляция бериш мақсадида, ўша вақтда Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссия раиси бўлган Эльмира Баситхоновага қўнғироқ қилдим ва муддаойимни айтдим. Баситханова менга ҳали ҳужжат эълон қилинмаганини, йўқ ҳужжатга апелляция бера олмаслигимни, Тошкентга борсам, Республика саралаш босқичи ёзиб олинган видеотасвирларни «кўтариши»ни, бу видеотасвирлар баҳоланган натижалар билан биргаликда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида сейфда сақланаётганини айтди.

Ҳужжат эълон қилингач, апелляция бериш учун Тошкентга бордим. Собиқ Хотин-қизлар қўмитаси жойлашган бинода 2020 йил 9 март куни Эльмира Баситханова билан учрашдим. Ўша даврада Гулжамол Асқарова ҳамда ҳакамлар сафида бўлган Қутлибека Раҳимбоева ҳам бор эди. Қутлибека Раҳимбоева Эльмира Баситхановага мен юқори баҳо олиб, тақдирланишга тавсия этилганимни, тақдирлашда хатоликка йўл қўйилиб, бошқа бир қиз тақдирланганини айтди. Эльмира Баситхонова «Агар шундай бўлса, баҳоларини кўринглар, хатоликка йўл қўйилган бўлса, апелляция аризасини ёзсин, 16 март куни келса, кўриб чиқамиз,» – деб айтди. Мен аризани ёздим ва кетдим.

2020 йил 11 март куни Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси таркибида ҳам, ҳакамлар сафида ҳам мавжуд бўлган Мунаввара Усмонова менга олган баҳоларимни кўрсатди. Адабиёт йўналишида 27 балл билан Республика бўйича 3-ўринда эдим, яъни, тақдирлашга тавсия этилгандим. Тақдирланган номзод қиз эса жуда паст баҳо олган, ҳакамларнинг айтишича, берилган саволларга ҳам жавоб бера олмаган экан. 16 март куни боришимни айтиб, кетдим. Баҳоларимни кўргач, кўнглим хотиржам бўлиб, бир-икки ҳафтада аризам кўриб чиқилиб, апелляция билан ишим ижобий томонга ҳал бўлишига ишонардим.

Лекин 16 март куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги биносига борганимда, мени ҳатто ичкарига ҳам киритишмади, бақир-чақир, жанжаллар бўлиб ўтди. Эртасига Вазирлар Маҳкамасининг юристи ишга аралашди, Эльмира Баситханованинг қабулига олиб киришди. Эльмира Баситханова юртимизда эпидемиологик вазият юзага келганлиги боис, карантин эълон қилинганини, вазият боришига қараб, узоғи бир-икки ҳафтада ишим ҳал бўлишини айтди. Шунингдек, менга 317 та номзод қизнинг ижодий ишлари ва ютуқларини Президентнинг шахсан ўзи чуқур ўрганиб чиқиб, тақдирланувчиларни ўзи танлаб олганини айтди! Ёрдамчиси (16 март куни мени ичкарига киритмаган аёл) апелляция ўтказилишидан 2 кун аввал хабар бериб, чақириб олишларини айтиб, кузатиб қўйди.

Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига, Ўзбекистон Республикаси Сенатига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига адолатни тиклашда ёрдам сўраб, аризалар ёздим.

Шу билан кучайтирилган карантин бошланди. Мен бирор умид учқуни милт этиб кўзга ташланишини кутардим. Гап унинг мукофотлигида, олий таълим олиш имтиёзи борлигида эмас. Мен адолат истардим, шу оддийгина бир вазиятда ҳам йўл қўйилган адолатсизлик, ноҳақлик, кўзбўямачилик кўнглимни оғритарди.

Май ойида Зебо Нурманова исмли вазирлик ходимаси (Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссия котиби) менга қўнғироқ қилди. Бу аёл ҳали аризабозлик қилиб юрган пайтларим (2020 йил март ойи ўрталарида) менга «Ҳакамлар қўйган баҳолар ҳеч нимани билдирмаслиги, номзодлар ҳакамларнинг қариндоши бўлиши ва бу ҳолат маҳаллийчиликка олиб бориши»ни айтган, тақдирланувчилар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юборилган ҳужжат ҳақида маълумот бермаслик пайида бўлган.

У менга телефон қилиб, аризаларим ўрганилаётганини айтди. Лекин матбуот котибининг телеграм каналида номзод қизларнинг эълон қилинган аннотация (эришган ютуқлар ҳақидаги маълумот)лари ичида нега менинг аннотациямдан эришган ютуқларим рўйхати қисқартириб ташланганини, Халқаро танлов ғолибаси, Евроосиё Ижодкорлар Уюшмаси аъзоси эканим каби жаҳон миқёсидаги ютуқларим нега буткул ўчириб ташланганини изоҳлаб беролмади. Мен мукофотга тақдим этган файл ва унинг қоғозга чиқарилган нусхаси буткул бошқа эди.

Шундан сўнг, шунча пайт бирор марта ҳеч қаерда тилга олинмаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясидаги қандайдир экспертлар гуруҳи 317 та номзоднинг ишини кўриб чиқиб, баҳолагани ҳақида гап топилиб қолди. Агар улар бизни баҳоласа, нега ёзувчи-шоирларни, яна баҳолаш жараёнини «шаффоф» деб оғиз кўпиртириб, видеотасвирга олишди? Талаб қилиб ҳам бирор марта кўролмадим шу видеотасвирларни, менга кўрсатишмади. Ҳолбуки, 2020 йил 15 февральдаги Зулфиячи қизлар форумида Эльмира Баситханова алоҳида урғу бериб, бу йилги баҳолаш шаффоф ўтгани, баҳолаш жараёни ҳаммаси видеотасвирга тушириб олингани такрор-такрор таъкидлаган эди. Қани, қаёққа кетди ўша гаплар, ўша шаффофлик? Қўлимда шунча далил туриб, ҳақлигимни исботлай олмаяпман-ку, яна қанақа шаффофлик ҳақида гап бўлиши мумкин?!

Июнь ойида Зебо Нурманова бўшаб кетгани сабабли, шу иш билан шуғулланаётган бошқа бир ходима (Азиза Маҳмудова) билан боғланиб, апелляция тақдири билан қизиқдим. У тез фурсатларда маълумот беришини айтди. Лекин ҳанузгача бирорта ҳужжат, бирорта қоғоз қўлимга етиб келгани йўқ. Ваҳоланки, мурожаат шаклидан қатъи назар, у 15 иш куни ичида кўриб чиқилиб, жавоб берилиши шарт. Яна «сувга тушиб» кетишди. Ора-сирада Давлат органларига ёзган аризаларим уларга етиб борса, комиссия аризаларни туман ва вилоят комиссияларига йўналтириб, роса қўғирчоқ театри қўйишди. Ҳолбуки, аризаларимда муаммо юқори бўғин – Республика комиссиясида эканини, қуйи бўғин – туман ва вилоят комиссияларига эътирозим йўқлигини ёзганман.

Сентябрь ойида яна апелляция тақдири билан қизиқдим. Бу иш ёпилиб кетганини, такрорий ариза ёзишим кераклигини айтишди. Такрорий ариза ёздим. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири менинг вазиятим билан қизиқиб қолганини ва қабулига чақирганини айтишди. Ўша пайтда соғлиғим яхши бўлмагани сабаб (2-бор ковид хасталигидан даволанаётган эдим.) қабулга бора олмадим. Аризам етиб бориши ҳам ноябрь ойи охирига тўғри келди. Ҳеч қанақасига менга ёрдам беришни истамаётган комиссия ходимлари блогер Ақида Ҳанум аралашуви билан мени ёшим 30 га етганига қарамасдан, мукофотга ҳужжат топширишимни, туман ва вилоят саралаш босқичларидан синовсиз ўтказилишимни ва адолат тикланиб, 2021 йилги тақдирлашда тақдирланувчилар сафида менинг исм-шарифим ҳам бўлишини айтишди. Мукофот Низомида «14 ёшга етган ва 30 ёшдан ошмаган» деган шарт мавжуд. Маълумот учун, шу йил декабр ойида 31 ёшга кираман, яъни, ҳали 30 ёшдан ошган ҳисобланмайман. Энди ҳаммаси яхшилик билан якун топганига ишонгандим, йиртиққа ямоқ ҳолида бўлсаям, адолат тикланишига ишонгандим.

Лекин «қўзғолон» бироз тинчиганидан сўнг яна мукофот комиссиясидагилар ўз билганларича иш тутишни бошладилар – туман босқичи ўша пайт ўтиб кетган, ҳужжатларим вилоят комиссиясида бир ойдан кўпроқ чанг босиб ётди. Лекин негадир вилоят босқичидан хабар йўқ эди. Суриштирсам, бу йил вилоят босқичига номзодлар чақирилмай, фақат ҳужжатлари кўрилишини айтишди. 2021 йил февраль ойида роса суриштириб, аранг билганим шу бўлдики, Республика комиссиясидагилар мен 30 ёшга киришим муносабати билан ҳужжатларимни қайтариб беришни, мен қатнашмаслигимни амр этишибди!

Хуллас, шунақа гап (кўзбўямачилик)лар. Менга бировнинг ўрнига мукофот беришларини истамаган эдим, албатта. Лекин, ҳеч бўлмаса, апелляцияни ўткизиб беришсин, ҳақиқатни юзага чиқаришсин. Ҳеч ким кўрмаган ва эшитмаган ўша экспертлар гуруҳи нимага асосланиб у қизни тақдирлашганини кўрсатиб, ҳақликларини исбот қилиб беришсин? Апелляция ўтказиш мумкин эмас, деган гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди, чунки, норозилик бўлса, видеотасвирлар кўриб чиқилиб, адолат тикланиши ҳақида кўп ва хўп бонг уриб бўлинди, Эльмира Баситханова ҳам апелляция ўтказилишини менга бир неча бор такрорлади, ваъда берди. Шундай экан, буни нега пайсалга солишади, ноҳақ бўлсам, шу апелляцияни ўтказиб, мени уялтириб чиқариб юборишсин қўлларидан келса?!

Яқинда яна менга етиб келмаган ҳужжатнинг электрон нусхасини ташлаб беришди. Унда ёзилишича, 2020 йилги тақдирлаш экспертларнинг яширин овоз бериш орқали қўйган баҳолари асосида бўлиб ўтган эмиш. Менга яширин баҳолаш натижалари деб кўрсатган ҳужжатлари нима эди унда? Эҳтимол, Баситхонова мени ҳам мукофот ололмаганидан норози бўлган ва паст баҳо олган номзод қизлардан бири, деб ўйлаган ва ўша ҳужжатни кўрсатишни буюрган бўлса керак.

Куни кеча тақдирланганлар рўйхати эълон қилинибди. Биргина ёрдам қўлини чўзиб,адолатли ҳукм бўлиши учун истисно киритиб, аввалги йилда йўл қўйилган хатоликни тўғирлашнинг иложи бор эди-ку? Бировнинг ҳақи билан қандай тинч ухлашади, қандай қўрқишмайди улар? Худо бор-ку?

Хуллас, бу ерда адолатни тиклаш учун фақат Президентнинг шахсан ўзига мурожаат қилишдан бошқа бирорта йўл топишнинг иложи йўқ экан. Мен таслим бўлмайман!

Мен барибир бу йўлнинг охиригача бораман. Адолат тикланиши учун ҳам охиригача бораман. Дуо қилинг, мукофот учун эмас, адолат тикланиши учун дуо қилинг!

Алия ТЕМУРИЙЗОДА

Улашинг: