Ўзбекистон коронавирусга қарши 1 млн доза ZF-UZ-VAC 2001 хитой—ўзбек вакцинасини сотиб олиш бўйича келишувга эришди

Ўзбекистон Хитой билан ҳаммуаллифликда яратилган коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг 1 миллиондан ортиқ дозасини харид қилиш бўйича келишувга эришди. Вакцинани етказиб бериш ишлари март ўрталарида бошланади. Бу ҳақда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Sinxua агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

«Кўнгиллиларда ўтказилган синовлар коронавирусга қарши Хитой вакцинаси хавфсиз ва самарали эканлигини кўрсатди. Ўзбекистонда Хитой вакцинасининг учинчи босқич синовлари ўтган йилнинг декабрида бошланган эди. Айни вақтда 7 мингдан ортиқ кўнгилли тадқиқотда иштирок этди», — дейди у.

Вазирнинг таъкидлашича, синовлар яхши натижа кўрсатган, эмланган кўнгиллиларнинг аксариятида ножўя таъсирлар кузатилмаган.

«Беморларнинг жуда кам қисмида аллергик реакциялар ва тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилди. Ушбу белгилар назорат остида олинди ва уч-тўрт ҳафта ичида эмланган барча инсонлар ўзини яхши ҳис қилган, оддий ҳаётга қайтган», — дейди Абдураҳмонов.

Шунингдек, вазир ҳозирда Ўзбекистон Хитой томони билан 1 миллион дозадан ортиқ вакцинани харид қилиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилган.

«Ушбу вакциналар Ўзбекистонга етказиб берилгач, тахминан, март ойининг ўрталарида мамлакат аҳолисини оммавий эмлаш бошланади», — дейди у.

Улашинг: