«Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида энди ҳеч қандай тўсиқлар йўқ» — Қирғизистон ТИВ вазири

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев «AКИpress»га интервью бериб, унда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирди, деб ёзмоқда «Gazeta.uz».


Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларини жадал ривожлантириш Қирғизистон учун «ташқи сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда».

«Биз Ўзбекистоннинг минтақадаги қўшнилар билан муносабатларни яқинлаштиришга қаратилган стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва мамнуният билан қабул қиламиз. Ўзаро муносабатларимизнинг жадаллаштириш туфайли сўнгги йилларда биз муаммоли масалаларни ҳал қилишда сезиларли ютуқларга эришдик», — деб қайд этган Қирғизистон ташқи ишлар вазири.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда икки мамлакат ўртасида «биз гапира олмайдиган ёпиқ мавзулар ва биз келиша олмайдиган муаммолар йўқ».

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда «фойдаланилмаган улкан салоҳиятга» эга ва бу йўналишдаги «ишларни ҳар томонлама жадаллаштириш» лозим.

ТИВ раҳбарининг қўшимча қилишича, COVID-19 пандемияси оқибатида юзага келган жаҳон ижтимоий-иқтисодий инқироз «икки томонлама ва минтақавий даражалардаги халқаро мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни кучайтириш эҳтиёжи янада ортганини» кўрсатди.

«Айни пайтда давлатларимиз олдида савдо-иқтисодий алоқаларни ва саноат кооперациясини жонлантириш борасидаги биринчи даражали мақсадлар турибди. Бу мақсадларга эришишнинг энг самарали усули бу ўзаро савдо-сотиқдаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона жараёнларини соддалаштириш, уларни уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, электрон тижоратни ривожлантириш, шунингдек, ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришни кўзда тутадиган қўшма дастурларни амалга оширишдир», — деган Руслан Казакбаев.

Вазир сув-энергетика ресурсларидан комплекс ва самарали фойдаланишни Марказий Осиё мамлакатлари барқарор ривожланишининг асосий омили деб атади. «Афсуски, бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида бу соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳозирча йўқ», — деб тан олган у. «Бу сув оқимининг юқори қисмида жойлашган ҳудудларда сув ҳажми, шу жумладан, сув тақчиллигидан қатъи назар қўшни мамлакатларда суғориш учун сув ресурсларини тўплаш имконияти ва стимул бўлиши учун зарурдир, шу жумладан бир неча йил олдинга ҳисоб-китоб қилган ҳолда», — деб тушунтирган Руслан Казакбаев.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Қирғизистон томони Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги сув ва энергетика ресурсларидан фойдаланишнинг компенсацион механизми кўзда тутилган Норин-Сирдарё ҳавзасининг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги 1998 йилдаги келишув доирасидаги ҳамкорликни тиклаш тарафдори.

У Қирғизистонга электр энергиясини импорт қилиш бўйича Ўзбекистон билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди ва икки мамлакат ваколатли органлари сув ва энергетика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда «ўзаро мақбул ечимлар» топишига умид билдирди.

«Умуман олганда айтишим мумкинки, бугунги кунда мамлакатлар ўртасида тўсиқлар йўқ. Аксинча, Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам сув ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича муқолотнинг муҳимлигини борасида умумий қарашларга эга. Бу минтақада барча манфаатдор томонларнинг эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика масалаларида ниҳоят келишувга эришиш учун жуда яхши асос деб ҳисоблайман», — деб таъкидлаган Руслан Казакбаев.

ТИВ раҳбари, шунингдек, Қирғизистон томони Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси катта аҳамиятга эга деб ҳисоблашини айтиб ўтган.

«Қирғизистон учун боши берк мамлакатдан транзит мамлакатга айланиши жуда муҳим. Бунинг учун бутун республика бўйлаб ҳам транзит ва ҳам ички темир йўл алоқасини ривожлантириш зарур. Бу, фикримча, Қирғизистоннинг транспорт мустақиллигини мустаҳкамлаш гарови», — деган вазир.

Унинг айтишича, лойиҳа бўйича ишчи гуруҳларнинг уч томонлама мутахассислар учрашуви мунтазам равишда ўтказилмоқда ва ҳозирда томонлар музокара жараёнини давом эттирмоқда.

Бундан ташқари, Руслан Казакбаев Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича олиб борилаётган музокараларга баҳо бериб, жараён «ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида» ўтаётганини ва бугун якунланиш босқичида турганини айтиб ўтган.

«Бизнинг мамлакатларга давлат чегарасининг жуда қийин ҳудудлари, айниқса Фарғона водийсининг аҳоли зич жойлашган қисми мерос бўлиб қолди. Қолаверса, биз асрлар давомида ёнма-ён яшадик ва СССР даврида бизнинг давлатларимиз ўртасида давлат чегараси деган тушунча деярли бўлмаган», — деган у.

«Бугунги кунда бутун давлат чегараси узунлигининг атиги 6 фоизини ҳал қилишимиз қолди. Қирғизистон Ўзбекистон билан биргаликда қирғиз-ўзбек давлат чегараси чизиғини расмий рўйхатдан ўтказишни 2021 йил охиригача якунлашни мақсад қилган», — деб сўзларини якунлаган Қирғизистон ТИВ вазири Руслан Казакбаев.

Улашинг: