Кийим фабрикасидаги ёнғин оқибатида 20 киши ҳалок бўлди

11 март куни Миср пойтахти Қоҳира шаҳри яқинида жойлашган кийим фабрикасида ёнғин чиқди. Оқибатда 20 киши ҳалок бўлди ва яна 24 киши жароҳатланди. Мазкур улкан ёнғинни ўчиришга ўт ўчирувчиларнинг 12 та махсус машинаси жалб қилинган.

Ҳозирча ёнғиннинг нимадан келиб чиққани аниқланмади. Миср давлат прокурори тергов гуруҳига мазкур ҳолатни ўрганиш бўйича топшириқ берган.

Сўнгги йилларда Мисрда кўплаб катта ҳажмли ёнғинлар содир бўлди. Масалан, ўтган ойда Гиза шаҳридаги поябзал омборидан келиб чиққан ёнғин 13 қаватли бинони хам қамраб олди. Бинодан аҳоли эвакуация қилинган ва қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.

Шунингдек, 2020 йилда Қоҳирадаги катта магистралда ҳам қувурдан нефт сизиб чиққан ва у ёниб кетганди. Оқибатда 17 киши жароҳатланган.

Улашинг: