Сергелида 81 ёшли эркак хотинини болта билан ўлдирмоқчи бўлди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели туман суди судя Музаффар Кукиев раислигида ўтказилган очиқ мажлисда ўз хотинини ўлдирмоқчи бўлган фуқаронинг ишини кўриб чиқди.

81 ёшли эркак ўз хотинини рашк қилиб, қўлига тушиб қолган болта билан унга ташланди. Рафиқаси уйдан чиқиб кетишга уринганидан кейин судланувчи аёлининг бошига болта билан икки бор зарба берган. Aёлнинг қичқириғини эшитган қўшнилар етиб келишган. Аёл зудлик билан касалхонага етказилди. Шифокорларнинг уринишлари туфайли жабрланувчининг ҳаёти сақлаб қолинди.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, етказилган жароҳатлар танага оғир шикаст етказиш ҳисобланади. Эркакка нисбатан суд-психиатрия экспертизаси тайинланган. Маълум бўлишича, ижтимоий хавфли қилмиш содир этилаётган пайтда у ўз хатти-ҳаракатларини назорат қила олмаган. Бундан ташқари, унга сурункали алкоголизм ташхиси қўйилган, аммо ёши туфайли унга ушбу касаллик учун мажбурий даволаш буюрилмаган.

Суд Жиноят кодексининг 25-моддаси ва 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмишни содир этган эркакни руҳий хаста деб топди. Жиноят иши тугатилган, шунингдек, эркак интенсив кузатув режимида Республика психиатрия касалхонасига мажбурий даволанишга юборилган.

Улашинг: