Андижондаги содир бўлган портлаш юзасидан Бош прокуратура маълумот берди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Андижон шаҳрида газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлганлиги ҳақида расмий баёнот берилган.

Аниқланишича, 2021 йил 12 март куни соат 17:22 ларда Андижон шаҳар «1-сон» МФЙ, 2-кичик даҳа, Фурқат кўчаси, 24-уй 9-хонадонда газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши натижасида ёнғин келиб чиққан.

Оқибатда, хонадонда бўлган аёл ва вояга етмаган қиз тана куйиши ҳамда қўшни хонадонда яшовчи вояга етмаган бола чақнаш тўлқинидан йиқилиб, кўкрак қисмидан тан-жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган.

Жабрланганларнинг олган тан-жароҳатлари оғирлик даражасини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланди.

Мутахассислар томонидан чақнаш сабаблари, шунингдек келтирилган зарарларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинди.

Улашинг: