Фарғонада ери олиб қўйилган фуқаро Халқ қабулхонаси олдида томирини кесмоқчи бўлди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Олтиариқ туманида яшовчи фуқаро М.Б. нинг туман Халқ қабулхонаси биноси олдида, ташқари кўчада ўз қўл томирларига жароҳат етказишга урингани, бундай ҳатти-харакатга узумчилик учун ажратилган ер майдони тўғрисидаги қарорнинг бекор қилингани сабаб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, фуқаро М.Б. ҳақиқатан ҳам жорий йилнинг 11 март куни Олтиариқдаги туман Халқ қабулхонаси биноси олдида ўз қўл томирларига жароҳат етказишга уринган. Бироқ туман ИИБ ходимларининг ҳаракатлари сабаб унинг уринишии охирига етмай, тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, биринчи ёрдам кўрсатилган. Бугунги кунда унинг соғлиги ва ҳолати яхши даражада. 

Вилоят ҳокимлиги, вилоят Халқ қабулхонаси, халқ депутатлари вилоят кенгаши, вилоят прокуратураси ва вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш олиб бориш учун ишчи гуруҳ тузилган.

Ишчи гуруҳ фуқарога узумчилик учун ер майдони ажратилиши, бу бўйича туман ҳокими қарорини бекор қилиниши билан боғлиқ ҳолатларни ва фуқарони бундай ҳатти-харакат қилишга мажбурлаган сабабларни жойида ўрганиб чиқади. Унинг натижалари юзасидан тез кунда қўшимча маълумот эълон қилинади.

Улашинг: