Иқбол Мирзо Шерали Жўраевга атаб шеър ёзди

Сўнгги кунларида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевнинг соғлиги ёмонлашгани билан боғлиқ турли хабарлар тарқалди. Қатор ижодкор, журналист ва Жўраевлар хонадонига яқин бўлган инсонлар ушбу хабарлар асоссизлигини айтиб, хофизни айни пайтда Туркияда таълим олаётган қизининг олдига кетгани ҳақида маълум қилишди. 

«Facebook» ижтимоий тармоғида Соҳибжон Алижонов Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев ҳаққига дуо қилиб ёзган шеъри билан бўлишди. 

ШЕРАЛИ ҲОФИЗ ҲАҚҚИГА

Дилингизга Ҳақ муғанний сўз солсин,

Кафтингизга фаришталар кўз солсин,

Дадам уни Шералижон дер эди,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

У куйласа, қўйиларди қошиқлар,

Унга ошно ошиқлару маъшуқлар,

Миллий ғоя бўлган теран қўшиқлар,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

Ўзбегим, деб наъра тортган чоғлари

Аригандай бўлди элнинг доғлари,

Эсга тушди дўппи-ю белбоғлари,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

Кимларга тоғ, кимларгадир қир умр,

Кимларга жўн, кимларгадир сир умр,

Қишин-ёзин хизмат қилди бир умр,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

Раҳмат, сизга, бошидан пул сочганлар,

Яхши кунда катта қучоқ очганлар,

Ёмон кунда тўйда кўрса қочганлар,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

Ҳаёт экан, кўрдик аллакимларни,

Ким зўр бўлса, таъқиқ тошин иларди.

Ўзи пинҳон Шералини тингларди,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

Навоийни элга ёйган устоз у,

Бобур Мирзо илкидаги шаҳбоз у,

Аллақачон классик у, мумтоз у,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

Камбағалнинг дармонидир навоси,

Қўлин олмоқ улуснинг муддаоси,

Жигаримиз, оиламиз аъзоси…

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

Қўшиғини айтиб шуҳрат топганлар,

Шуҳрат киргач, эшигини ёпганлар,

Тўраларнинг даврасига чопганлар,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

Халқ сўраса, Халлоқ бермай қўймайди,

Бир тан бўлиб бирлашмасак бўлмайди,

Халқ бирлашса, чин Ҳофизи ўлмайди,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

Ҳофиз улким, Ҳақ мусҳафин ёд этган,

Муслим улким, куфриятни ёт этган,

Инсон улким, миллатим деб дод этган,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

Шеър ёзмадим, дуо ёздим субҳидам,

Шеракадек кулди рўйи талъат ҳам.

У соғаяр, соғаяди санъат ҳам,

Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.

ИҚБОЛ МИРЗО

Улашинг: