Самарқандда ота-болани болға билан уруб ўлдирган вахший қотил 22 йилга қамалди (видео)

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судида 2020 йилнинг октябрида Пахтачи туманида ота-болани ўлдирган шахсга нисбатан қўзғатилган иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» кўрсатувида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, 2020 йил 8 октябрга ўтар кечаси соат 02:00 ларда О.О. исмли шахс ўзининг ҳамқишлоғи — Пахтачи тумани Қарнобота қишлоғида яшовчи С.П.нинг хонадонига борган (маълум бўлишича, С.П. яшаш уйидан ошхона очган) ва унинг ҳовлисида хонадон эгаси билан суҳбат қилган. Шунда уй эгаси О.О.га ароқ ичишни таклиф қилади ва уни олиб чиқиш учун омборга кириб кетган.

Пайтдан фойдаланиб, судланувчи унинг орқасидан кирган ва ўзи билан олиб келган болға ёрдамида уни уриб ўлдиради. Уйдаги қимматбаҳо нарсаларни олиш учун ҳовлига чиққанида, хонадон эгасининг 19 ёшли ўғли С.Ў. шовқиндан уйғониб кетганини кўрган.

Судланувчи унга «отангнинг мазаси қочди» дея уни омборга олиб кирган ва уни ҳам болға билан уриб ўлдирган. Шундан сўнг у уйдан жами 72,7 миллион сўмлик пул ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетган.

Самарқанд вилояти прокуратураси ходими судда айбланувчи учун Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида узил-кесил 25 йил қамоқ жазоси тайинланишини сўраган. Суднинг якуний ҳукмига кўра айбланувчи О.О. 22 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Улашинг: