Миллий гвардия “Миллий гвардия Росгвардиядан кўчирилган», деган танқидга изоҳ берди

Айрим ижтимоий тармоқлар орқали баъзи фуқаролар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти тўғрисида тушунчага эга бўлмасдан туриб, турли талқинлар билан асоссиз ва мантиқсиз фикрлар билдирилмоқда.
Хусусан, интернет тармоқларида “Рост” ёки “ROST” деган тушунарсиз ном билан янги очилган сайтига кўпроқ аъзоларни йиғиш истагида бўлган айрим кимсалар томонидан “Миллий гвардия”миз ҳақиқатдан миллийми? сарлавҳаси остидаги мақола жойлаштирилган.
Ушбу мақолани ўқиб, муаллифнинг нима учун ушбу давлат органига айнан Миллий Гвардия номи берилганлиги, Миллий Гвардия Қўриқлаш бўлинмалари хизмат фаолияти ҳамда уларни кийим-бош русумидан тўлиқ хабардор бўлмасдан, ўз тасаввурларини намоён этиб, ижтимоий тармоқларда “сохта ҳурмат” орттириш мақсади борлигини кўришимиз мумкин. 
Ҳар ким истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Аммо, бирор бир масалани асл моҳиятини тушунмасдан, тор фикр юритиш ёки ўзининг ўй-хаёлларига берилган ҳолда, юрт тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида кечаю-кундуз хизматда бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган ходимлари ҳақида муаллиф томонидан бу каби маъносиз мақолани интернет сайтида жойлаштириши қанчалик ҳақиқатга тўғри келади? 
Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг кийим-бош намунаси Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Тасдиқланган кийим-бош русумлари мамлакатимиз иқлим шароити ҳамда ходимлар хизмат фаолиятининг бир қатор ўзига хосликларини инобатга олган ҳолда тайёрланган. 
Қолаверса, ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг кийим-бош русумлари жаҳон стандартлари ва замонавий талабларга мос келиши алоҳида аҳамият касб этади.
Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларининг кийим-бош русуми ва андозасини Росгвардия ходимлари кийим-боши билан ўхшашлигига тўхталиб ўтсак, барча давлатларда Гвардия, Полиция ёки шу каби давлат органлари ходимлари зиммасига халқ тинчлиги ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш каби бир хил вазифалар юклатилган. Шунинг учун ҳам уларнинг кийим-бош русумида ўхшашликларни кўришимиз мумкин.
Агарда жаҳон тажрибасига назар ташласак, ҳар бир мустақил давлат ўзининг Гвардия деб номланувчи тузилмасига эгадир. Мисол учун, АҚШ, Россия, Франция, Италия, Украина, Қозоғистон ва бошқа кўплаб мамлакатларда жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган тузилма Гвардия деб номланади. 
Кўплаб давлатларда жиноятчиликка қарши курашиш билан шуғулланувчи тузилмани эса Полиция деб номланади. 
Гвардия сўзига Миллий сўзини қўшиб Миллий Гвардия деб номланиши, ушбу тузилма мамлакат ҳудудида яшовчи барча миллатларнинг ҳимоячиси эканлигини англатади.
Бундан кўриниб турибдики, давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи номи бошқа бир давлатдаги шу каби тузилма билан бир хил номланиши бу табиий ҳол. 
Шунинг учун, Миллий Гвардия номи Росгвардиядан кўчириб олинган деган фикр, мақола муаллифини нақадар тор доирада фикр юритиши ва етарли билимга эга эмаслигини яққол намоён қилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, мамлакатимиз тинчлигини таъминлаб келаётган давлат органларининг номи ва кийим-бош русуми бошқа давлатлардан кўчириб олинган деган асоссиз маълумотларни интернетда тарқатиш, бу энг аввало аҳоли ўртасида нотўғри фикрни уйғотиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларини обрўсизлантиришга йўналтирилгандир.
Бунинг ўрнига, ҳарбий хизматчи ва ходимлар ҳақида сўз юритилганда, уларнинг ўз юртига ва халқига садоқати ҳамда энг оғир дамларда ҳам улар буюк халқимизнинг ҳимоячиси эканлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилса адолатдан бўлар эди.

Улашинг: