Ўзбекистонда оммавий тартибсизликка даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш Сенат томонидан маъқулланди

Олий Мажлис Сенати 12 март куни бўлиб ўтган ўн учинчи ялпи мажлисда оммавий тартибсизликка даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этиш ва қонунчиликка киритилган бошқа ўзгартиришларни маъқуллади, деб ёзмоқда «Gazeta.uz». Энди қонун Президент томонидан имзоланиши керак.

Унга кўра, Жиноят кодексининг 244-моддаси — «оммавий тартибсизликлар» қуйидаги бандлар билан тўлдирилади:

ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаоллик билан бўйсунмасликка, оммавий тартибсизликка ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилиш — БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундай ҳаракатлар:

а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

б) оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан, интернетдан, шунингдек, босма ёки матнни кўпайтиришнинг бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 201-1-модда «қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажармасликка ёки бузишга даъват» билан тўлдирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажармасликка ёки бузиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, интернет тармоғидан, шунингдек, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилиш БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига киритилган 1-қўшимчага кўра, сайтнинг ёки сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифасида:

  • оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонликка, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш;
  • жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;
  • жамиятга, давлатга, давлат рамзларига (миллий ва умуминсоний қадриятларга) ҳурматсизликни намоён этувчи беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;
  • порнография, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;
  • вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ва бошқа тарзда жалб қилишга йўналтирилган ахборотни тарқатиш тақиқланмоқда.

Бундан ташқари, сайт эгаси ва блогер ўзларининг интернетдаги саҳифаларини, шу жумладан, жамоат учун очиқ бўлган маълумотлар жойлаштирилган тезкор хабар алмашиш тизимларини кузатиб бориши, юқоридаги маълумотлар ва материалларни аниқлаши шарт.

Моддада, шунингдек, юқоридаги талаблар бажарилмагани оқибатида сайт эгаси ёки блогер томонидан ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган шахслар ўз ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси, шу жумладан, етказилган зарарни қоплаш талаблари билан белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланган.

Сенат хабарида айтилишича, сўнгги вақтларда айрим сайт эгалари, шу жумладан, блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш маданияти тўлиқ шаклланмагани сабабли ушбу шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишларида бошқа шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда.

«Бундай шахсларнинг ахборот тарқатиш соҳасидаги ҳуқуқий маданияти шаклланмаганлиги келажакда улар томонидан қонун талабларини бузиб, ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан мамлакатнинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, диний экстремизм ғояларини тарғиб қилиш, давлат ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ҳамда оммавий тартибсизликларга даъват этувчи контентни тарқатиш эҳтимолини оширмоқда», — дея қайд этилган Сенатда.

Улашинг: