Тезкор хабар! Махсус комиссия коронавирусга қарши яна бир қарорни бекор қилди

Ўзбекистонга ташриф буюрувчи барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темир йўл вокзали ёки чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс-тест олиш тартиби 2021 йилнинг 15 мартидан бошлаб бекор қилинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, Республика махсус комиссиясининг 2021 йил 13 мартдаги навбатдаги йиғилишида Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш, хорижий ва қўшни мамлакатларда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг бироз бўлса-да, барқарорлашганини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонга ташриф буюрувчиларга енгиллик яратиш ҳамда туризм салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш бўйича бир қатор масалалар муҳокама қилинган.

Шу муносабат билан Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан, Ўзбекистонга ҳаво, темир йўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс-тест олиш тартиби 2021 йилнинг 15 мартидан бошлаб бекор қилинади.

Эндиликда, янги тартиб бўйича:

  • ҳаво ва темир йўл қатновлари орқали ташриф буюраётган шахслар Ўзбекистонга келиш учун ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиши талаб этилади;
  • автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этилганда ёки ПЗР натижаси бўлмаган ҳолларда чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс-тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.

Бунда коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари натижалари инглиз ёки рус тилларида бўлиши талаб этилади.

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан 2021 йилнинг 25 мартидан бошлаб хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилардан фақат сифат кўрсаткичи талаб даражасида бўлган лабораторияларнинг коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари маълумотномалари билан ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтказилади ёки автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси антигенини экспресс-тест текшируви ўтказмасдан киритилади.

Шу билан бирга мутасадди ташкилотларга чет элда сифатли ҳамда ишончли коронавирус инфекциясига ПЗР текширувларини ўтказувчи лабораториялар, яъни Ўзбекистонда тан олинадиган лабораториялар рўйхатини (ҳар бир мамлакат кесимида камида 10 тадан) шакллантириш ва эълон қилиш бўйича топшириқ берилган.

Масъул вазирлик ва идораларга Ўзбекистон ҳудудида коронавирус билан боғлиқ мамлакатга кириш бўйича чекловлар бекор қилингани, янги авиа ва темир йўл қатновлари ташкил этилаётгани тўғрисида ўз расмий веб-саҳифаларида ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий ҳамкорлар, инвесторлар ва туроператорларга маълум қилиш бўйича топшириқ берилди.

Улашинг: