«Турон» футбол клуби бош мураббийи Жиззахдаги ўйиндан сўнг «портлади»

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 2-тури доирасида Фарғонанинг «Турон» клуби Жиззахда «Сўғдиёна» меҳмони бўлди.

Учрашув бош ҳаками Виктор Серазетдинов 52-дақиқада «Турон» дарвозаси томон пенальти белгилади. Ҳакам ушбу вазиятда фарғоналиклар ҳимоячиси Ғиёс Комилов тўпни қўли билан ўйнади деб топди. Қайд этиш жоиз, ушбу вазиятда тўп қўлга эмас, футболчининг елка аралаш бошга теккан ва ҳакам ҳолатга жуда яқин турган эди. Пенальтидан эса жиззахликлар ҳужумчиси Шоҳруз Норхонов унумли фойдаланди. Натижада «Сўғдиёна» мазкур гол эвазига «Турон»ни мағлуб этди.

Ўйиндан сўнг «Турон» бош мураббийи Ислом Исмоилов ОАВга флеш-интервью бериб, ҳакамликни танқид остига олди.

Аввало «Сўғдиёна» жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, «Турон»нинг айби Суперлигага чиққаними? Ёки ҳакамларга пул билан чиқмаётганими? Иккита ўйиндан бери буни умуман тушуниб бўлмаяпти. Буни бутун Ўзбекистон кўрди: тўп футболчининг бошига текканига ҳакам пенальти белгилаяпти. Ўшалар кийиниш хонасига кириб кўрсин, футболчилар йиғлаб ўтирибди. Буларга қачон чора кўрилади? Қачонгача бу нарсаларга чидаш мумкин? Тозалаймиз дейишяпти, шуми тозалгани? Келиб кўмиб кетяпти. Икки турдан бери футбол йўқ. Фақат ҳуштак, ҳуштак, ҳуштак! Қачонгача? Ким буларга [ҳакамларга] чора кўради. Буёғда 70-80 киши оиласини боқаман деб эзилиб кетяпти. Учта одам [ҳакамларга] чиқиб туриб, кесиб ташлаяпти. Шуми Ўзбекистонда адолат? Биз ҳалол ўйнаяпмиз, ҳакамларга пул билан чиқмаяпмиз. Бир сўм пул билан чиқмасангиз, «каллангизни кесиб ташлашяпти». Ким чора кўради?

Мени футболдан бутун умр олиб ташласа, олиб ташлайверсин. Лекин кимдир охиригача қарши курашиши керак. Рақиб футболчиларинг қўлига икки бор тўп тегди. Ўйиннинг бошидан бери бешта сариқ карточка берилди. Ундан кўра ўйиндан олдин келиб чиқмайсанлар дейишсин, биз чиқмаймиз. Майли мен ёш мураббийман, кўча тўла иш. Мен яна бир иш топиб оламан. Аммо жамоа нима қилади? Жамоа ғалаба қозонса, мукофот пули оламан, бола чақамни боқаман деб кутиб яшамоқда. Ҳамма оғзида гапиради, амалда эса ҳеч нарса йўқ.

Ҳакам ўйнаш бердими? Ҳар битта вазият, битта ҳуштак, яна ҳуштак. Бундай ҳолатда қанақа футбол бўлиши мумкин? Ҳакам ўйнашга имкон бермаса, қанақа футбол ҳақида гапириш мумкин?

«Турон» клуби бош мураббийи, Ислом Исмоилов

Улашинг: