Қатар, Саудия Арабистони ва Хитойга дахшатли қум бўрони ёпирилди (видео)

Форс кўрфази мамлакатларига, шу жумладан, Қатар ва Саудия Арабистонига жуда кучли қум бўрони ёпирилди, деб хабар беради «РИА Новости».

12 март куни кечқурун минтақада йилнинг бу даври учун ноанъанавий бўлган димиқтирадиган иссиқ ҳаво кузатилди, сўнг кучли шамол бошланган. Бунинг натижасида қум ва чанг булутлари ҳавога кўтарилиб, осмонни тўсиб қўйган ва кўриниш даражаси жуда паст бўлган. Чанг ва қум биноларни ва машиналарни қоплаб олган, дераза тирқишлари орқали уйларнинг ичига ҳам кирган.

Қум бўрони ўзи билан бирга совуқ ҳавони олиб келган. Қатар пойтахти Доҳада ҳарорат кескин пасайиб, +16 даражага тенг бўлиб қолган.

Ўтган дам олиш кунлари об-ҳаво туфайли фуқаролик ва ҳарбий авиация фаоллиги камайган. Манбаларга кўра, чанг бўрони туфайли Саудия Арабистони Ҳарбий-ҳаво кучлари парвозлари бекор қилинган.

«14 март, якшанба куни минтақадаги об-ҳаво яхшилана бошлади, аммо ҳамон шиддатли шамол эсиб турибди»— дейилади хабарда.

Бугун, 15 март куни эса кучли қум бўрони Хитой пойтахти Пекинда қайд этилган, шу туфайли ҳукумат шаҳарда хавфнинг сариқ даражасини эълон қилган.

«Майда қаттиқ зарралар концентрацияси PM 10 шаҳарнинг марказий туманларида бир куб метрга 8000 микрограммдан ошиб кетди, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан белгиланган максимал меъёр — 50 микрограмм/кубометрдан 160 марта юқори демакдир», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, табиий офат оқибатида йўлларда тирбандликлар юзага келган, кўриниш даражаси жуда паст. Прогнозларга кўра, бўрон бир кундан кейингина «тинчланишни» бошлайди.

Пекин пойтахт аэропортида 15 мартга режалаштирилган 1141 та рейснинг 247 таси, Дасин аэропортида эса 846 та рейснинг 181 таси бекор қилинган.

Улашинг: