XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Сурхондарёда қарийб 1,8 кг героинни куртка астари ва гиламга шимдириб, чегарадан ўтмоқчи бўлишди аммо…

    Мар 15, 2021

    Сурхондарё вилоятида жойлашган «Айритом» чегара-божхона постида катта миқдордаги героин гиёҳванд моддасини куртка астаридаги синтепон ва гиламга шимдириб, чегарадан ўтмоқчи бўлган икки нафар шахс ушланган. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

    Қайд этилишича, божхона постига кириб келган қўшни давлат фуқароси Н.А.нинг хатти-ҳаракатлари бу ерда хизмат олиб бораётган Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити ходимларининг эътиборини тортган. Шундан сўнг Н.А. холислар иштирокида кўрикдан ўтказилганида унинг курткаси астаридаги синтепонга шимдирилган героин гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

    Маълум бўлишича, Н.А. ёлғиз бўлмаган ва орадан бироз ўтиб унинг ортидан мазкур постга шериги М.Н. кириб келган. Қўшни давлат фуқароси ҳисобланган М.Н. ҳам эгнидаги курткасининг астаридаги синтепонга ва қўлидаги гиламига героин гиёҳванд моддасини шимдириб, олиб ўтмоқчи бўлган.

    Экспертиза хулосасида аниқланишича, Н.А.дан ашёвий далил сифатида олинган куртка астаридаги синтепонда соф оғирлиги 332,6 грамм, М.Н.дан ашёвий далил сифатида олинган гиламчада 1 килограмм 177 грамм ҳамда куртка астаридаги синтепонда соф оғирлиги 275,64 грамм бўлган героин гиёҳвандлик воситаси мавжуд экани аниқланган.

    Натижада, жами 1 килограмм 785 граммдан ортиқроқ героин гиёҳвандлик воситасининг Ўзбекистонга олиб кирилиши тўхтатиб қолинган. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!