Хонанда Абдужалил Қўқонов ўзига тегишли бўлган тўйхонани МИБ тортиб олганини маълум қилди (видео)

Хонанда Абдужалил Қўқонов «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди.

Абдужалил Қўқонов суҳбат давомида ўзига тегишли бўлган тўйхона нима сабабдан МИБ томонидан тортиб олинганига ойдинлик киритди.

Бировга яхшилик қиламиз деб тўйхонамизни олдириб қўйганмиз. Танишларимиз «Тўйхонангизни гаровга қўйиб, банкдан пул олмоқчимиз, бир йилга бормасдан пулни ёпамиз», дейишди. Банкдан 105 миллион сўм пул олишган, ишлатишган, аммо ишлари ўхшамаган. Банк ҳам тўйхона менинг номимда бўлгани учун муддатни чўзиб юраверган.

«Менга гап тегмасин, қишлоқ гузарини олганман. Шу тўйхонани ҳам сотибди-да, деган гап-сўзларга қолмай», дедим. Прокурорлар олдида ҳам шу гапларни гаплашганмиз, «Ҳеч қандай ортиқча гап қилмасдан тўлаймиз», дейишди.

Йил охирида банк ходимлари олдимга келиб, «Улар пулни тўлашмаяпти, ўрнига сиз тўлаб қўйинг», дейишди. Улар менга «Бир дона шашлик ёки битта минерал сув ҳам олиб бермаган бўлишса, уларга яхшилик қиламан, деб, мен куйиб кетавераманми?», дедим. Улар санъаткорлигим — Абдужалил Қўқоновлигимни ҳурматини қилса керак десам, тўйхонага катта қилиб сотилади, деб ёзиб қўйишибди.

Сотилади деган ёзувни ўчиртирсам, яна ёзишибди. Бу ҳолатдан қишлоқнинг катталари ҳам ҳайрон бўлиб «Нега сотяпсиз?», деб сўраб бошлашди. Уларга вазиятни тушунтирдим.

Хуллас охири пулни тўлаши керак бўлган одамлар пулни тўламаганлиги учун тўйхона банк ихтиёрига ўтиб кетди. Ҳозир ўзим қурган, аслида ўзимга тегишли бўлган тўйхонани ўзим сотиб олиш ҳаракатида юрибман. Чунки, аввало, бу тўйхона қишлоқдошларимиз учун қурилган, сотиб олиб қишлоққа топшириб қўймоқчиман.

У тўйхонани ҳозирги ҳисоб билан 100 минг долларга қурганман. У йигитларнинг лафзига ишониб, уларга яхшилик қилиш учун тўйхонамдан айрилиб қолдим. Ким кўрса, ким билса «Нима учун тўйхонани сотдингиз?», деб сўрайдиган бўлиб қолди.

Абдужалил Қўқонов, хонанда

Маълумот учун, Абдужалил Қўқонов 1965 йил Фарғона вилояти, Олтиариқ туманида дунёга келган. «Кечиккан севги», «Гўзалим», «Беркинмачоқ», «Азоб» каби қўшиқлари мухлислар орасида машҳурликка эришган. Хонанданинг 300 га яқин муаллифлик қўшиқлари бор.

Улашинг: