«Сирли мижоз” натижасида 15 нафар ходим билан меҳнат шартномалари бекор қилинди

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Давлат хизматлари марказларининг асосий вазифаларидан бири мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик ҳисобланади.

Ушбу йўналишда ишлар қандай йўлга қўйилганлигини аниқлаш ҳамда тизимда коррупциянинг ва салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармасининг масъул ходимлари томонидан туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ҳамда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари фаолияти «Сирли мижоз» тамойили асосида доимий равишда ўрганиб борилмоқда.

Шу кунга қадар бошқарма томонидан 100 дан ортиқ “Сирли мижоз” ҳамда рейд тадбирлари ўтказилган бўлиб, ўз хизмат вазифасига нолойиқ хатти-ҳаракатлар содир этган, касбига масъулиятсизлик билан ёндашган ва «Сирли мижоз» сифатида мурожаат қилган фуқароларни сансалорликка солиш каби ҳолатларга йўл қўйган Давлат хизматлари марказлари ходимларининг 11 нафар билан меҳнат шартномалари бекор қилинди. Шунингдек, йўл қўйган камчиликлари учун 45 нафар ходим огоҳлантирилиб, 22 нафарига жазо чоралари қўлланилди. Улардан тегишли тушунтиришлар олиниб, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилса шахсий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилди.

ФҲДЁ бўлимларида ўтказилган рейдлар натижасида эса 4 нафар ходимларга нисбатан меҳнат шартномаси бекор қилиниб, 5 нафар ходимга “Ҳайфсан” ҳамда “Жарима” интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Бундан ташқари тизимдаги ходимлар билан 200 дан ортиқ профилактик суҳбатлар ҳамда соҳага оид савол-жавоблар ўтказилди.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш керак, бундай тадбирларнинг ўтказилиши тизимда коррупциянинг ва салбий ҳолатларнинг олдини олишга сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда.

Акмалжон АЗИМОВ,
ДХА Андижон вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи

Улашинг: