Тошкентнинг Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманидаги барча мактаблар онлайн таълимга ўтади

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманлари мактабларида 16 мартдан бошлаб ўқув машғулотлари онлайн тарзда ташкил этилади, деб хабар берди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ушбу туманлар ҳудудида фаолият олиб бораётган нодавлат ва хусусий таълим ташкилотларига 16 мартдан бошлаб бир марталик карантин муддатига (14 кун) ўқувчиларни масофавий шаклда ўқитишга ўтказиш тавсия этилган.

Тошкентдаги бошқа туманларда ўқиш баҳорги таътилга қадар карантин талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда анъанавий давом эттирилиши маълум қилинган.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкентдаги айрим мактабларда ўқиш босқичма-босқич масофавий шаклга ўтказилмоқда, деб хабар берди.

«Ҳудудлар раҳбариятининг коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган чораларни жорий этиш бўйича ваколатини инобатга олиб, коронавируснинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрининг айрим мактабларида ўқиш босқичма-босқич масофавий шаклга ўтказилмоқда», – дейилади хабарда.

Халқ таълими вазирлигининг маълумотларига кўра, мактабларнинг онлайн таълимга ўтиши тўғрисида маълумот мактаб маъмурияти томонидан тақдим этилади.

«Масофавий ўқитишга ўтган мактаб ўқувчилари Онлайн мактаб лойиҳасининг телевизион дарслари орқали сабоқ олишлари мумкин. Ота-оналардан фарзандларига масофадан ўқитишда ёрдам беришни илтимос қиламиз», – дейилади вазирлик хабарида.

Улашинг: