Оққўрғон туманидаги боғчада болаларга тақсимланиши керак бўлган гўшт берилмаётгани аниқланди

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 8-МТМнинг ошхонасида таомга қўшилиши керак бўлган гўшт маҳсулоти алоҳида қилиб олиб қолинганлиги акс этган видеолар тарқалганди.

Узрепорт мухбири ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги Матбуот котиби Мавлуда Aсқархўжайева билан боғланди. Маълум қилинишича, ҳақиқатдан ҳам бу воқеа 8-МТМда бўлган ва бу бўйича ҳозир ишчи гуруҳ текширув олиб бормоқда.

Унинг сўзларига кўра, ушбу МТМда ишловчи ошпазлар ва фаррош ўртасидаги келишмовчилик видеотасвир тарқалишига сабаб бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони шу боғча фарроши тасвирга олгани маълум қилинди. 

Видеога кўра, идиш ичидаги алоҳида гўшт маҳсулоти қайнатиб олиб қўйилган. Меъёрга кўра, болаларга 13 кг гўшт берилиши керак бўлган. Бироқ, унинг 10 кг гина тақсимланган. Қолган қисми олиб қолинган.

Шу ўринда, ҳатто, вазирликни ҳам бир савол қийнамоқда. Тақсимланган шу 10 кг гўшт ҳам болаларга етиб борганми ёки йўқ? Ҳозирда Мактабгача таълим вазирлигининг ички аудит хизмати бу бўйича таҳлиллар олиб бораётганини маълум қилди.

Текширув натижалари 1-2 ҳафта давомида маълум қилинади.

Улашинг: