Карантинда ниқоб тақмасликни қўллаб-қувватлаган президент вафот этди

Танзаниянинг 61 ёшли президенти Жон Магуфули вафот этди. Аввалроқ Танзания мухолифати етакчиси Тунду Лиссу президент коронавирусга чалингани ва қўшни Кениядаги шифохонага ётқизилганини маълум қилганди.

Бироқ Танзания ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, Магуфулининг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган. Бу ҳақда «Кун» нашри хабар берди.

“Қадрдон танзанияликлар, 17 март куни соат 18 атрофида жасур етакчимиз, президент Жон Магуфулини йўқотганимизни ўкинч билан маълум қиламиз. У Дар-ус-Саломдаги шифохонада юрак касаллигидан вафот этди”, деб маълум қилган мамлакат вице-президенти Самия Сулуху.

Магуфули коронавирус тарқалиши сабабли мамлакатда локдаун киритишдан бош тортиб келган ва тиббий ниқоблар тақмаганларни мақтаган. У вирусга қарши илмий йўллар билан курашишни тан олмаган.

Танзания ҳукумати 2020 йил апрелидан коронавирусга чалинганлар бўйича статистика бермай қўйган, Магуфули эса унинг давлати инфекциядан холи эканини таъкидлаб келган. 

Президент, шунингдек, вакциналарга уларни европаликлар ишлаб чиқариши сабабли ишонмаслигини ҳамда Танзания вакцина сотиб олмаслигини айтган.

Февралда Танзания президенти ўз ҳамюртларини “касалликлардан фориғ бўлиш учун” 3 кун ибодат қилишга чақирган.

Магуфули феврал охиридан кўринмай қўйган. Ҳукумат бу борада бирор-бир маълумот бермаган. Бироқ мухолифат президент коронавирусга чалингани ва оғир аҳволдалигини таъкидлаб келган. 15 март куни мухолифат етакчиси Лиссу ўз манбаларига таяниб, президент ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмасига уланганини маълум қилган.    

Магуфули Танзания президенти лавозимини 2015 йилда эгаллаган. У мамлакатнинг 5-президенти бўлган. 2020 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозониб, иккинчи муддатга қайта сайланган.

Магуфулининг вафоти муносабати билан мамлакатда икки ҳафталик мотам эълон қилинган. BBC News нашрининг аниқлик киритишича, Танзания конституциясига кўра, энди вице-президент Ҳасан вақтинча президент сифатида қасамёд қилади ҳамда Магуфулининг муддати якунигача, 2025 йилга қадар мамлакатни бошқаради.

Улашинг: