Тошкентда анча танилиб қолган жиноий гуруҳ фош этилди

29 ёшли Сардор, Қобул, Азаматлар шу ёшларида тоғни урса талқон қилиб юборгудек келбатга эга йигитлар. Аммо улар шу ёшга кириб бир неча бор фирибгарлик жиноятини қилганликлари учун судланишиб, “ўтириб” ҳам чиқишган. Хуллас, улар оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтиб бўлсада бебилиска пул топиш хаёлида яшаб юрганлар хилидан экан. Муқаддам судланганликлари, фирибгар деган тавқи лаънатни бўйниларига илганликлари камлик қилиб, яна Тошкент шаҳрида одамларни лақиллатиб, “ОЛХ” ижтимоий тармоғи орқали фуқароларни алдаб, пулларини қўлга киритишни      бошлаб юборишди. Улар шу мақсадда ҳали бирон марта судланмаган 25 ёшли Дилмуродни ҳам ўз сафларига қўшиб олишди. Уларнинг жиноий режалари оддийгина эди: хонадонини ижарага бермоқчи бўлган фуқарони топишади, у билан хонадонини ойига фалон пул тўлаб ижарага олиш бўйича келишувни амалга оширишиб, бир ойлик тўловини олдиндан қилиб қўйишади-да, сўнг жиноий қилмишларини бемалол амалга ошираверишади. Яъни, содда одамларни “ОЛХ” ижтимоий тармоғи орқали эълон бериш йўли билан топиб, уларга хонадонни кўрсатиб, олдиндан мўмай пулларини қўлга киритиб олишади, тамом вассалом.

Хуллас, улар “иш”ни шундай    бошлашди:

2020 йил 11 февраль куни интернетнинг “ОЛХ” тармоғидан фуқаро Ж.Жалилов томонидан таниши У.Махмаевга тегишли бўлган, Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, “Г-9А” мавзеси, 23-уй, 9-хонадонни ижарага бериши тўғрисида берилган эълонда қолдирган телефон рақами орқали Ж.Жалилов билан боғланиб, мазкур хонадонни бир кунга 300 минг сўм эвазига расмийлаштирмай ижарага олдилар.

Сўнг ўзларининг олдиндан тузиб қўйган жиноий режаси асосида юқоридаги хонадонни интернетнинг “ОЛХ” ижтимоий тармоғида ўзиникидек кўрсатиб, ижарага бериш тўғрисида эълон жойлаштиришди.

2020 йилнинг 12 февраль куни фуқаро Б.Гафуров хонадонни ижарага берилиши тўғрисидаги эълондаги телефон рақами орқали уларга боғланганида, Сардор Б.Гафуровни ишонтиришлик мақсадида хонадон жойлашган манзилга таклиф қилиб, унга ушбу хонадонни 3 ойга ҳар ойда 300 АҚШ доллардан “ижара шартномаси” асосида беришини айтиб, Б.Гафуровдан жами 600 АҚШ долларини алдаб олиб, жиноий шериклари Қобул, Азамат ва Дилмуродлар билан бўлишиб олиб, пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юбориб, берган ваъдасини бажармадилар.

Бундан ташқари, улар такроран жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Ж.Жалиловдан ижрага олган хонадонни “ОЛХ” интернет тармоғида ўзиникидек кўрсатиб, ижарага бериш тўғрисида берилган эълон орқали 2020 йилнинг 12 феврал куни фуқаро У.Холматов билан телефон орқали қўнғироқлашиб, мазкур хонадонни 2 ойга ижарага беришликни келишиб, У.Холматовни ишонтиришлик мақсадида хонадон жойлашган манзилга таклиф қилиб, ушбу хонадонни 2 ойга ҳар ойда 300 АҚШ долларидан “ижара шартномаси” асосида бераман деб, У.Холматовни алдаб, ундан 600 АҚШ долларини Сардор ва Қобул олиб, жиноий шериклари билан пулларни яна бўлишиб олишди-ю, бу гал ҳам ваъдани бажаришмади.

Мазахўрак бўлиб қолган фирибгарлар 9-хонадонни “ОЛХ” интернет тармоғида ўзиникидек кўрсатиб, ижарага бериш тўғрисида берилган эълондан фойдаланиб, 2020 йилнинг 12 феврал куни фуқаро Э.Бобоев билан телефон орқали қўнғироқлашишди. Мазкур хонадонни ижарага беришликни келишиб, У.Холматовни ишонтиришлик мақсадида хонадон жойлашган манзилга таклиф қилиб, ушбу хонадонни ҳар ойда 300 АҚШ доллардан “ижара шартномаси” асосида бераман деб, Э.Бобоевни алдаб, ундан 100 АҚШ долларини Сардор ва Қобул олиб, пулларни жиноий шериклари билан чўнтак- ларига уришди. Табиийки, олдинги сафар бўлганидек ижара учун деб олдиндан пул берганлар чув тушиб қолаверишди.

Интернетнинг “ОЛХ” ижтимоий тармоғига хонадонларни ижарага бериш ҳақидаги эълонларидан мўмайгина текин пул топишга муккасидан кетиб бораётган бу йигитлар фуқаро А.Эшонхонов билан 2020 йил 21 февраль куни “ОЛХ” интернет тармоғи орқали танишиб, А.Эшонхоновга Миробод туманидаги “Ойбек” метро бекати олдида жойлашган “Энжелс-футс” ошхонаси атрофидаги кўп қаватли уйлардан бирини ижарага беришга келишиб, Сардор А.Эшонхонов билан Мирзо Улуғбек тумани, «Марказ-1» мавзесида жойлашган “Китоб олами” кутубхонаси олдида кўришиб, А. Эшонхоновга мазкур манзилдаги хонадонни ҳар ойда 250 АҚШ доллардан “ижара шартномаси” асосида бераман ва маклер ҳақи сифатида деб, 100 АҚШ доллари ҳам беришини айтиб, А.Эшонхоновнинг ишончига кириб, уни алдаб, Сардор “Ипотека банк”АТИБ томонидан А.Эшонхоновни номига берилган ва ҳисобида 1 миллион 700 минг сўм пули мавжуд бўлган  пластик карточкасини қўлга киритди. Сўнг А.Эшонхоновга тегишли бўлган пластик карточкасидаги пулларни нақдлаштиришиб олишди.

2020 йил 23 февраль куни интернетнинг “ОЛХ” тармоғидан фуқаро С.Салиева томонидан ўзига тегиш- ли бўлган, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, “Марказ-5” мавзеси, 65-уй, 127-хонадонни ижарага бериши тўғрисида берилган эълонда қолдирган телефон рақами орқали боғланиб, С.Салиевадан мазкур хонадонни бир кунга 200 минг сўм эвазига ижара шартномаси расмийлаштирмасдан олишди.

Сўнг С.Салиевадан ижарага олинган мазкур хонадонни гўёки ўзиникидек кўрсатиб, интернетнинг “ОЛХ” ижтимоий тармоғига ижарага бериш тўғрисида эълон жойлаштиришди.

2020 йилнинг 23 февраль куни фуқаро Т.Куюлова хонадонни ижарага берилиши тўғрисидаги эълондаги телефон рақами орқали уларга боғланганда, Сардор Т.Куюловани ишонтиришлик мақсадида хонадон жойлашган манзилга таклиф қилиб, унга ушбу хонадонни 1 ойга ҳар ойда 350 АҚШ доллардан “ижара шартномаси” асосида беришини айтиб, Т.Куюловадан жами 400 АҚШ долларини алдаб олиб, жиноий шериклари Қобул, Азамат ва Дилмуродлар билан бўлишиб олишди.

Ушуб хонадонни ижарага бериш ҳақидаги эълон фирибгарлар томонидан “ОЛХ” интернет тармоғида ўзиникидек кўрсатиб, ижарага бериш тўғрисида берилган эълон орқали 2020 йилнинг 23 февраль куни фуқаро Ф.Ғуломова билан телефон орқали қўнғироқлашиб, мазкур хонадонни 2 ойга ижарага беришликни келишиб, Ф.Ғуломовани ишонтиришлик мақсадида хонадон жойлашган манзилга таклиф қилиб, ушбу хонадонни 2 ойга ҳар ойда 300 АҚШ доллардан “ижара шартномаси” асосида бераман деб Ф.Ғуломовани алдаб, ундан 650 АҚШ долларини қўлга киритиб олишди.

Битта хонадонни бирваракайига бир неча кишига ижарага бериш йўли билан текин “пул топиш операцияси” “ОЛХ” интернет тармоғида яна айлантирилиб, хонадонни ўзиникидек кўрсатиб, ижарага бериш тўғрисида берилган эълон орқали 2020 йилнинг 23 февраль куни фуқаро Ж.Деҳқонов билан телефон орқали қўнғироқлашиб, мазкур хонадонни 1 ойга ижарага беришликни келишиб, Ж.Деҳқоновни ишонтиришлик мақсадида хонадон жойлашган манзилга таклиф қилиб, ушбу хонадонни ҳар ойда 400 АҚШ доллардан “ижара шартномаси” асосида бераман деб, Ж.Деҳқоновни алдаб, ундан 375 АҚШ долларини қуртдек қилиб санаб олишди.

Бундан ташқари, улар фуқаро М.Саитмуратов билан “ОЛХ” интернет тармоғи орқали 2020 йилнинг 23 февраль куни телефон орқали боғланиб, М.Саитмуратовга 1 ой муддатга Мирзо Улуғбек тумани, «Буюк Ипак йўли» метро бекати атрофидаги кўп қаватли уйдаги хонадонни ҳар ойда 200 АҚШ долларига ижарага беришини алдаб айтиб, М.Саитмуратов билан Юнусобод тумани, “Бодомзор” метро бекати олдида кўришиб, М.Саитмуратовдан 500 минг сўм пулини олишгач, жиноий шерикларнинг яна чўнтаклари пулга тўлди.

2020 йил 29 февраль куни яна интернетнинг “ОЛХ” тармоғида Р.Гришаевга тегишли бўлган, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, “Наққошлик” кўчаси, 10-уй, 42-хонадони ижарага бериши тўғрисида таниши Е.Мезенцева қолдирган телефон рақами орқали боғланиб, Е.Мезенцевадан мазкур хонадонни бир кунга  300 минг сўм эвазига ижарага олишди.

Сўнг эса Е.Мезенцевадан ижарага олинган мазкур хонадонни гўёки ўзиникидек кўрсатиб, интернетнинг “ОЛХ” ижтимоий тармоғига ижарага бериш тўғрисида эълон жойлаштиришди.

2020 йилнинг 1 март куни фуқаро Н.Ташева хонадонни ижарага берилиши тўғрисидаги эълондаги телефон рақами орқали уларга боғланганида, Н.Ташевани ишонтиришлик мақсадида хонадон жойлашган манзилга таклиф қилиб, унга ушбу хонадонни 3 ойга ҳар ойда 300 АҚШ доллардан “ижара шартномаси” асосида беришини айтиб, Н.Ташевадан жами 100 АҚШ долларини ва 1 миллион 200 минг сўм пулларини алдаб олишга эришишди.

Аммо текин пул бир кун тешиб чиқади, деганларидек, Тошкент шаҳрида анча танилиб қолган бу фирибгарлар ниҳоят ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ходимларининг қўлига тушди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Юнусобод туман суди интернетнинг “ОЛХ” ижтимоий тармоғи орқали бировларнинг хонадонларини ижарага бериш йўли орқали, хонадонни худди ўзиникидек кўрсатиб алдаб, фуқароларнинг ишончини қозониб, пулларини ўмарган фирибгарларнинг жиноий қилмишларини кўриб чиқиб, фирибгарларга қонунларда белгиланган тартибда жазоларни белгилади.

Фотима ИСМОИЛОВА, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг судьяси.

Манба: qonun-ijro.uz

Улашинг: