Ёйма бозорда 35 долларга сотиб олинган қадимий пиёла 721 минг долларга сотилди

АҚШнинг Коннектикут штатидаги ёйма бозорда 35 долларга сотиб олинган, ХV асрга мансуб қадимий Хитой пиёласи Sotheby’s аукционида 721,8 минг долларга сотилди.

Бу сумма аукцион уй кутганидан ҳам юқорироқ бўлган. Sotheby’s пиёла нархини 300-500 минг долларга баҳолаган. Пиёлани сотган ва уни харид қилган кишилар исмлари ошкор қилинмаган.

Кўк-оқ нақшинкор пиёла Мин сулоласининг Юнлэ императори даврида яратилган. У қандай қилиб ёйма бозорга тушиб қолгани жумбоқ бўлиб қолмоқда.

Таъкидланишича, дунёда шунга ўхшаш пиёлалардан бор-йўғи 6та сақланиб қолган. Улардан баъзилари Тайбэйдаги император саройи музейида, Лондондаги Британия музейи ҳамда Виктория ва Альберт музейида сақланади.

Улашинг: