Мансур Агалиев Юлдуз Усмонованинг концертига қўлдан чипта сотиб олишга мажбур бўлгани ҳақида сўзлаб берди (видео)

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова «Халқлар дўстлиги» саройида 10–25 март кунлари «Юрак» деб номланган навбатдаги яккахон концерт дастурини тақдим этмоқда.

Юлдуз Усмонованинг продюсери ва турмуш ўртоғи Мансур Агалиев «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида ўзининг концертига ўзи билет сотиб олишга мажбур бўлаётганини маълум қилди.

‘Халқлар дўстлиги’ саройи бош режиссёри Зокир Қаюмовга ‘Зокир ака, Юлдузнинг хабари бўлмасин, келинг, Ўзбекистон халқ артистларини барчасини концертга чақирайлик’, дедим. Уларнинг ҳар биттасига бирма-бир телефон қилишларини илтимос қилдим. Бу инсонлар ғанимат, уларнинг фильмлари билан ёшлигимиз ўтган. Қарасак, келадиган меҳмонга етарли билетимиз йўқ. Кейин кўчага чиқиб, ўзимизни концертга ўзимиз билет сотиб олишга мажбур бўлдик. Кўчада ‘ака сизга ҳам билет керакми’, деб кулишди.

‘Қаердан жой қиламиз’, деганимизда ‘биринчи қатордан’ дейишди, лекин биринчи қатор улар учун ноқулайлик туғдириши мумкин эди. Чунки 70-80 ёшли инсонлар саҳнага қараб, бўйнини кўтариб ўтиришга мажбур бўлишади. Шу сабабли уларга 15-қатордан жой тайёрладик. Билетларни бошқалар билан алмаштирдик, етмаганини сотиб олдик. Аввало, улар катта саҳнани бемалол кўриши керак.

Қанчадан қанча буюк ижодкорлар вафот этганини кўрдик. Уларнинг вафотини кўрганимиздан сўнг тирик инсонларнинг қадрига етишни бошларкансиз. Аллоҳга шукр, концертни кўриб, кайфиятлари кўтарилиб, маза қилиб кетишди.

Ўн беш миллион сўмга билет сотиб олинди. Бунақа вазиятлар кўп бўлади. Чунки кассада билет сотиб бўлингандан сўнг, ким ортиқча билет сотиб олган бўлса, ўшандан керакли жойни сотиб олишга мажбур бўламиз. Пандемия бошланганидан сўнг билетини қайтариб берганлар ҳам бўлди, кейин улар бундай қилганига пушаймон ҳам бўлишди, — дейди Мансур Агалиев.

Улашинг: