Мирзиёев: “А нимага сиз, „мардлик қилмаган“ жаноб ҳокимлар, бориб кўриб келмайсиз? Ёқмайди-да сизларга?!”

Шавкат Мирзиеёв Тошкент вилоятидаги экин ерларини суғориш учун Чорвоқ сув омборидан сув таъминоти чекланишини таъкидлади. «Сизларга фақат Чорвоқни очиб берса. Канал сувга тўлса, кейин 24 соат сув оқади. Сиз ҳаттоки икки соат ҳам сувни назорат қилмайсиз», — дея президент ҳокимларга юзланди. Давлат раҳбари чинозлик тадбиркордан ўрнак олиш зарурлигини айтди.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудуднинг ирригация тизими, бу йўналишда ҳокимларнинг фаолияти ҳамда Чорвоқ сув омбори ресурсларини тежаш зарурлигига тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz».

«Тошкент вилояти — бу  Сурхондарё вилояти эмас, Қашқадарё вилояти эмас. Бу  Тошкент вилояти. Мен кеча топшириқ бердим: кластерлар ҳокимият билан шартнома қилади. Шартнома шундан иборат бўладики, кластернинг эртанги ривожланиши, ҳисоб-китоби, режалари чуқур қайта кўриб чиқилади. Пахтани қайта ишлаб чиқариш ва бошқалар инновацион инвестиция олиб келишга асос бўлади. Мана шуни ҳам ҳаммаларинг билиб олишларинг керак», — деди давлат раҳбари.

Президентнинг таъкидлашича, Бўка, Бекобод, Юқоричирчиқ, Охангарон туманларида «ерга қараб бўлмайди», зовурлари қазилмаган, мавжудлари ҳам тўлиб қолган.

«Бу ерда ҳоким бўлиб ишлаган оқсоқоллар ўтирибди. Ўзи ерни ким захарлайди? Сув захарлайди. Мана мен 1 млрд куб метрга яқин сувни иқтисод қилиш бўйича топшириқ бердим. Энди Чорвоқда сувни очишмайди. Ўзини энг катта агроном деб ҳисоблайдиган ҳокимлар, энди сувни очишни сўрайди. Лекин бунинг учун ҳисоб-китоб қилиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

У Чиноз туманида қарийб 1000 гектарни ерни ўзлаштирган ва ўзи техника олиб келган тадбиркор ҳақида сўзлаб берди. Ташриф арафасида президент Чиноз туманига ташриф буюрди ва Янгиободдаги жами 202 минг куб метр сиғимга эга 3 та сув ҳавзаси барпо этилган ва экинларни томчилатиб суғориш йўлга қўйилган экин майдонларини бориб кўрган эди.

«Бориб кўриб келинглар. Тадбиркор давлатдан ёрдам олмаган, биз ҳам ёрдам берганимиз йўқ. 1,5 млн доллар кредит олиб, техника келтирган. „Шавкат Миромонович, жаноб президент агар сиз менга салгина ёрдам берсангиз, бу йилнинг ўзида 50 центнер [пахта] оламан“, деяпти. Экилмаган, сув йўқ жойдан», — дея қайд этди давлат раҳбари.

«А нимага сиз, „мардлик қилмаган“ жаноб ҳокимлар бориб кўриб келмайсиз? Ёқмайди-да сизларга?! Сизларга фақат Чорвоқни очиб берса. Канал сувга тўлса, кейин 24 соат сув оқади. Сиз ҳаттоки икки соат ҳам сувни назорат қилмайсиз», — деб қўшимча қилди у.

Давлат раҳбари мазкур мажлисда вилоятнинг собиқ ҳокими Рустам Холматовнинг ишдан кетиш масаласига ҳам тўхталиб ўтган эди. «Рустам Холматов ўзи ариза ёзди, ҳеч ким унга кет дегани йўқ», — деган эди президент.

Президент раислигида ўтган йиғилишда 2021 йилги суғориш мавсумида сув таъминоти 25 фоиз кам бўлиши кутилаётгани айтилган эди. Шу боис, 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 млрд кубметр сувни тежаш лозимлиги таъкидлан эди.

Улашинг: