Наманганда Наврўз байрами арафасида 5 тонна ош дамланди. Энди навбат 6,2 тонналик мегасумалакка

Намангандаги «Афсоналар водийси» боғида Наврўз байрами арафасида 5 тонна ош дамланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Бу жараёнда 12 нафар ошпаз иштирок этди. Ош учун 1,5 тонна гуруч, 1,8 тонна сабзи, 800 килограмм гўшт, 500 килограмм ўсимлик ёғи, 100 килограмм майиз ва шунча нўхат, 10 килограмм зира солингани айтилмоқда.

Эҳсон оши маҳаллалар, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, «Саховат» ва «Меҳрибонлик» уйларига тарқатилди.

Бугун, 19 март кечки пайт ош дамланган қозонга энди 6,2 тонналик сумалак солишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Мегасумалак масаллиқлари ҳам чакана эмас: 1,8 тонна буғдой ивитилган, 3,4 тонна ун, 600 килограмм ёғ, 50 килограмм зоғора ун тайёрлаб қўйилган.

Наманганлик 30 нафар тажрибали аёл таом қозондан олингунча бунга бош-қош бўлади. Сумалак 21 март — Наврўз байрами куни тонгда тайёр бўлиши ва тарқатилиши кўзда тутилган.

Улашинг: