Навоийда маст фуқаро уйига келган меҳмонни пичоқлаб ўлдирди

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро маст ҳолда уйига келган меҳмонни пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ўктам Усмонов хабар берди.

Таъкидланишича, 2021 йил 17 март куни Навбаҳор туманидаги «Қалқонота» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 40 ёшли фуқаро Б.П. «Тошработ» маҳалласида яшовчи 52 ёшли таниши В.Ч.нинг хонадонига меҳмонга борган. Улар биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилган. Орадан бир неча соат вақт ўтиб, икки фуқаро ўртасида келишмовчилик келиб чиққан ва жанжалга айланган.

Спиртли ичимлик таъсирида бўлган меҳмон мезбоннинг юзига урган. Мастлиги туфайли ҳуши ўзида бўлмаган фуқаро В.Ч. эса ошхона пичоғи билан Б.П.нинг чап кўкрак қисмига бир маротаба уриб, унга оғир тан жароҳати етказган. Оқибатда пичоқланган эркак воқеа жойида вафот этган.

Ўктам Усмоновга кўра, ушбу ҳолат Навбаҳор тумани «Тошработ» маҳалласида кенг жамоатчилик вакиллари, вилоят ва туман секторлари раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинган. Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинган. Шунингдек, муҳокама давомида маҳалладаги келишмовчиликларга ўз вақтида эътибор қаратилмаётгани танқид қилинган.

Айни пайтда Навбаҳор туман прокуратураси томонидан гумонланувчи В.Ч.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Улашинг: