Андижонда 50 нафар кам таъминланган фуқарога ажратилган маблағлар талон-торож қилингани аниқланди

Андижонда кам таъминланган 50 нафар фуқарога ажратилган маблағларни талон-торож қилинган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Асака туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида «А.А.» номли ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари И.А. исмли шахс Асака тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази масъул шахслари билан олдиндан тил бириктириб, тумандаги 50 нафар кам таъминланган ва ишсиз фуқаронинг имзоларини сохталаштиргани аниқланган. Улар шу орқали бюджетдан ажратилган 111,5 миллион сўм субсидия маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан И.А., марказ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Улашинг: