XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    «Аҳолига хавотирланишга ўрин йўқ, дея олмаймиз». Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи

    Мар 22, 2021

    Тошкент вилоятида 2021 йилнинг 20 март ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар Зангиота тумани ҳудудидаги 1- ва 2- кўп тармоқли клиникага жойлаштирилган. Бу ҳақда Тошкент вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқуловга таяниб хабар берди.

    Қайд этилишича, вилоятда 2020 йилнинг 15 мартидан буён ушбу касалликни юқтирган 130 нафар бемор вафот этган бўлса, шифохоналарда даволанган 15 минг 681 нафар киши соғайиб чиққан.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ҳудудлар кесимида ўлим статистикасини сўнгги бор 2020 йил 21 сентябрь куни тақдим этган. Унга кўра, ўша вақтда Тошкент вилоятидаги COVID-19 қурбонлари сони 67 нафар эди. Шунда пандемиянинг биринчи 190 кунида Тошкент вилоятида 67 киши ўлган бўлса, ундан кейинги 185 кунида (2020 йил 21 сентябрдан 2021 йил 21 мартга қадар) яна 63 киши вафот этган.

    Бугунги кунда ушбу юқумли дарднинг қайта тарқалаётганлиги оқибатида 2021 йилнинг 12-, 15 март кунлари 4 нафар, 16 март куни эса 18 нафар, 17 мартда — 8 нафар, 18 мартда — 13 нафар, 19 мартда —10 нафар кишида инфекция аломатлари аниқланган. Улар Зангиотадаги иккита кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Қолган 93 нафар беморга эса уй шароитида даволаниш тавсия этилган.

    Таъкидланишича, вилоятнинг туман ва шаҳарлари аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясини юқтираётганлар сони ортиши кузатилмоқда. Хусусан, ўтган 6 кун мобайнида Тошкент ва Қибрай туманларида 14 нафардан, Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳрида 5 нафардан, Чирчиқ шаҳрида 9 нафар, Зангиота туманида эса 4 нафар киши инфекцияга чалинган.

    Вилоятдаги тиббиёт муассасалари ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, жами 970 нафар беморга мўлжалланган захира ўринлари ҳозирланган. COVID-19 касаллигини бошидан ўтказган фуқаролар учун тиббиёт муассасаларида 330 та реабилитация ўринлари мавжуд. Касалларни даволаш учун ишлатиладиган 49 турдаги жами 2 млрд 908 млн сўмлик дори воситалари ҳам жамланган.

    «Аҳолига эса хавотирланишга ўрин йўқ, дея олмаймиз. Чунки бепарволик, хотиржамлик инфекциянинг яна тарқалишига олиб келиши мумкин. Карантин юмшатилган, лекин бекор қилингани йўқ. Шунинг учун фуқаролардан ниқоб тақиб юриш, антисептик воситалардан фойдаланиш, жойларда одамлар орасида масофани сақлаш талаб этилади. Шу ўринда жамоатчилик вакилларидан ҳам, айниқса, маҳалла, мактаб, боғча ва бошқа муассасалар раҳбарларидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун ўз назоратлари остидаги жойларда эътиборни яна бир карра оширишларини сўрар эдик. Кириш жойларида дезинфекция, тана ҳароратини ўлчаб кўриш ишлари давом этиши керак», — дейди вилоят ССБ бошлиғи.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!