Кеча ўзларининг қоронғу ва ёпиқ эшиклари ортида фахши ва айшини сураётганлар аста дераза олдига келишга, бугун эса кўчага чиқишга имкон топишди — Бекзод Абуримов

Маънавият масаласи шундай масала эканки, ундан бир лаҳзага чалғисанг атрофингни бехайрлик дарров эгаллаб олади. Халқимизнинг қадрдон ва муқаддас байрами Наврўз арафасида саломатлигимни мустаҳкамлаш ва даволаниш учун қўшни ва қардош Республикага чиқишим натижасида юртимиздаги воқеа-ҳодисалардан икки кунга бехабар қолиб кетдим. Буни қарангки, шу кунлар давомида нафақат мени, балки бутун халқимизни чексиз нафратига сабабчи бўлган «Сахара» воқеаси содир бўлиб, бир гуруҳ номуссиз ҳамюртларимиз улуғ айёмимизни оёқости қилганча, халқимиз юзини шувит қилибдилар.  

Халқимизда бир ажойиб нақл бор — касални яширсанг иситмаси ошкор қилади. Жорий йил бошида бир нечта мутасадди ташкилотларга вилоятимиздаги айрим тунги клубларда содир бўлаётган беҳаёлик, оммавий маданият ҳамда уларга вояга етмаган ёшларнинг тобора кўпроқ тортилаётгани хусусида мурожаат қилгандик. Айниқса, «ГОРГОНА» (номининг ўзиёқ дахшатли), «Сахара» сингари тунги клублардаги қизларнинг ўта ахлоқсиз хизмат кўрсатишлари, хатто деразадан кўчага қараганча ярим-яланғоч рақс тушиб меҳмонларни чақириши  ҳақида, маълумот келиб тушди. Буни ўргандик ва ишонч ҳосил қилдик. Бу борада чора кўриш лозимлиги хусусида фикримизни билдирдик. Бироқ мутасаддилар томонидан тепадан буйруқ келмагунча бунга жиддий чора-кўриб бўлмаслиги жавоби берилди. Афсуски, кўриб турганимиздек, кеча ўзларининг қоронғу ва ёпиқ эшиклари ортида фахши ва айшини сураётганлар аста дераза олдига келишга, бугун эса кўчага чиқишга имкон топибди. Бу ҳам етмагандек, халқимизнинг минглаб йиллар давомида эҳтироми ва муҳаббати ила кутиладиган, нишонланиладиган Наврўз айёми, муқаддас сумалакига жирканч қўлларини теккизишга журъат қилибдилар.  Демак, улар эртага баданфурушлигини бозорга, кўз юмаверсак масжидга ҳам олиб кирмайдими? Эътиқодимиз ва қадриятларимизни оёқ ости қилишларига ўзимиз йўл қўймаяпмизми?!

Ҳурматли мутасадди ташкилотлар! Бир ёқадан бош чиқарган ҳолда, Сиздан бундай иллатларни газак олмасдан, илдизи билан суғуриб ташлашингизни, тунги клубларнинг фаолиятини бутунлай тугатишни сўраб қоламиз.

Бекзод Абуримов
Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари

Улашинг: