XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Фарғонада бир кунда 4 та янги ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади

    Мар 25, 2021

    Фарғонада Наврўз байрами муносабати билан бир қатор янги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирларда вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров иштирок этди.

    Қайд этилишича, Фарғона шаҳрида фойдаланишга топширилган Constant trading корхонаси жинси матолар ва эркаклар жинси шимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

    Бирлашган Араб Амирлигининг Alpha international Consultansy DMCC компанияси билан ҳамкорликда собиқ пиллани қайта ишлаш фабрикаси ҳудудида ташкил этилган корхонага 4,1 миллион доллар маблағ сарф этилган. Туркия ва Хитойнинг замонавий ускуна ва дастгоҳлари ўрнатилган янги корхонада 200 дан зиёд иш ўрни яратилган. Бу ерда йилига ўртача 2 миллион погонометрдан зиёд жинси матоси ҳамда 1,5 миллион донадан ортиқ жинси шим ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

    Шу куни Фарғона шаҳрида Мах Оil Group нефть ва газ конденсатларини қайта ишлаш корхонаси ҳам иш бошлади.

    Лойиҳа қиймати 2,5 миллион долларни ташкил этадиган ушбу корхона Россияда ишлаб чиқарилган ускуналар билан жиҳозланган. Йилига 48 минг тонна нефть ва газ конденсатларини қайта ишлаш қувватига эга бўлган корхонада 150 та янги иш ўрни яратилган. Корхонада бир йилда 500 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

    Айни пайтда корхонада бензин, солярка, керосин, дизель ёқилғилари билан биргаликда мотор мойлари ҳам қайта ишланмоқда. Келгусида нефтни тўлақонли қайта ишлаш циклига ўтиб, битум ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган.

    Таъкидланишича, Тошлоқ туманида «Фарғона нефть маҳсулотлари» корхонасининг биринчи босқичи ишга туширилган. Корхонада экстра бензин, автомобиль ёқилғиси, уч турдаги дизель ёқилғиси, керосин, печ ёқилғиси, мазут каби кенг турдаги истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

    45 миллиард сўм маблағ сарфланган ушбу лойиҳа тўлиқ ишга туширилса, 150 нафардан зиёд янги иш ўрни яратилади. Корхонада кунига 120 тонна нефть ва газ конденсатлари қайта ишланиб, юқори сифатли маҳсулотлар тайёрланмоқда.

    Шу куни Тошлоқ туманида «Фаровон» асфальт-бетон ишлаб чиқариш корхонасининг ҳам очилиши маросими бўлиб ўтди. Лойиҳа қиймати 6,5 миллиард сўм бўлган корхонада ҳозирда 15 та иш ўрни яратилган.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!