«Ўйламадим» қўшиғи туфайли хонанда Достон Эргашовдан 500 миллион сўм миқдорида зарарни ундириш юзасидан даъво киритилди

Хабарингиз бор, бундан бир неча кун аввал хонанда Достон Эргашов Ўктам Алиевнинг “Ўйламадим” номли қўшиғини муаллифнинг розилигисиз ижро этиб, уни интернет тармоқларига жойлаштиргани ҳамда муаллиф бу ҳақида Интеллектуал мулк агентлигига қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг Агентлик томонидан ҳолат бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман маъмурий судига баённома киритилган.

Интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати ходими Дилфуза Исмоилованинг «Aniq.uz»га хабар беришича, суд Д.Эргашовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177 (1)–моддаси биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, тегишли жарима жазоси тайинлаган.

👉Шундан сўнг, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман маъмурий судининг қарори асосида хонанда Ў.Алиев Достон Эргашовга нисбатан Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман судига **500 миллион сўм **миқдоридаги моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан даъво аризасини киритди.

🎞Маълумот учун, Ў.Алиев томонидан “Ўйламадим” номли қўшиқ 2012 йил яратилган ҳамда мазкур қўшиқ учун видеоклип суратга олинган. Ушбу видеоклип YouTube платформасига жойлаштирилган.      
Шундан сўнг, 2020 йилда муаллиф Ў.Алиевга томонидан “Ўйламадим” номли қўшиғи унга тегишли эканлигини билдириш мақсадида, катта миқдорида сарф-харажат қилган ҳолда муаллиф томонидан қўшиқ учун қайта видеоклип суратга олинган ва YouTube интернет тармоғига жойлаштирилиб, оммага эълон қилинган.

☝️Зеро, асар муаллифи асарни, шу жумладан унинг номини муаллифнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқига яъни муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

📗Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1056-моддасига мувофиқ асарга тузатишлар киритиш, уни аранжировка қилиш ёки бошқача тарзда қайта ишлаш, асарни омма олдида ижро этиш муаллифнинг мутлақ мулкий ҳуқуқлари ҳисобланади. Асардан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асардан фойдаланилган деб ҳисобланади ҳамда муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

❗️Энди муаллиф ўз ҳуқуқларини билиши, ҳуқуқбузар эса арзимаган миқдордаги жаримани тўлаб кета оламаслиги барчага маълум. Қолаверса муаллиф ҳуқуқбузарни етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик судига берса, унга нисбатан етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида хал қилув қарори қабул қилиниши, бунинг натижасида эса ҳуқуқбузар муаллифга катта миқдорда пул кўринишида зарарларни қоплашга мажбур бўлиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.

✅Шундай экан, муаллиф ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва ўзганинг ижод намунасидан, албатта, рухсат олишни ҳамда шартнома тузишни унутманг.

📖Ҳурматли бадиий ва адабий ижод вакиллари муаллифлик ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун муаллифларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи жамиятларга аъзо бўлинг ёки бевосита Интеллектуал мулк агентлигининг ☎️ 71 232-50-54 телефон рақамлари ёки телеграм ижтимоий тармоғидаги @ima_monitoring_bot орқали мурожаат қилинг.

Улашинг: