XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Зангиотада 19 ёшли қизни кимсасиз жойга олиб бориб, уни тирноқ олувчи «кусачка» билан қўрқитиб, талончилик қилган шахс ушланди

    Мар 25, 2021

    Тошкент вилояти Зангиота туманида 19 ёшли қизнинг телефон, тақинчоқ ва пулларини босқинчилик йўли билан ўмариб кетган шахс қўлга олинди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

    Қайд этилишича, 2021 йилнинг 15 март куни соат 19:00 ларда Nexia-2 русумли автомашина ҳайдовчиси бўлган номаълум шахс Зангиота тумани «Хонобод» МФЙдан 19 ёшли З.А.ни «Бек Барака» савдо мажмуасига 30 000 сўм эвазига олиб бориб қўйиш мақсадида мижоз сифатида олган.

    Сўнгра ҳайдовчи қизни Зангиота тумани «Ўртаовул» МФЙ ҳудудидаги кимсасиз жойга олиб бориб, қўлидаги пичоқчани тираб, қўрқитган. У қизнинг LG русумли телефон аппарати, бир жуфт тилла зираги, 150 000 сўм пул маблағларини босқинчилик йўли билан олиб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.

    Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни 34 ёшли Ж.Х. содир этганлиги, қурол сифатида фойдаланган пичоқча тирноқ олиш учун мўлжалланган «кусачка» эканлиги аниқланган.

    Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ж.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «а» банди (қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, босқинчилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

    Ҳозирда тергов давом этмоқда, дейилади хабарда.

    Маълумот учун, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!