Назарбоев неварасининг ўлими сабаби очиқланди

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг невараси Ойсултон Назарбоев наркотик моддаларга ружу қўйиши оқибатида вафот этди. Чоршанба куни Ғарбий Лондон суд-тиббий экспертиза бош мутахассиси (коронери) Фиона Уилкокс тегишли хулосани ўқиб эшиттирди.

Таъкидланишича, Ойсултон кокаинга ружу қўйган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотларига кўра, гувоҳлар, полиция ва психиатр кўрсатмаларига асосланиб, бир неча йилдан буён наркотик моддаларга тобелик билан курашган 29 ёшли Ойсултоннинг ўлим сабаблари шубҳали эмас ва наркотик моддалар билан боғлиқ.

Оиламиз севимли Ойсултоннинг ўлими муносабати билан чуқур қайғуда. Унинг ўлими биз учун ақлга сиғмайдиган қайғуга айланди, ундан ҳеч қачон фориғ бўла олмаймиз. Ўтган 6 ой давомида катта кўмак берган кишиларга, муносиб тергов ўтказган коронерга самимий миннатдорчилик билдирамиз. Биз ушбу жуда қийин пайтда махфийлик ҳақида сўраймиз”, – деб баёнот берган Назарбоевлар оиласи.

2020 йил август ўрталарида Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дарига ўғли Ойсултон вафот этгани ҳақида эълон қилди. Қозоғистон ОАВларига кўра, ўлим сабаби – юрак ҳуружи.

2020 йил феврал ойида Ойсултон Facebookдаги аккаунти орқали Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраган. У давлат раҳбариятини коррупцияда айблади, шунингдек, оила аъзолари томонидан босим ўтказаётгани ҳақида маълум қилган. Қозоғистонда Ойсултоннинг бу постлари билан боғлиқ вазият – бу собиқ раҳбарни обрўсизлантиришга уриниш эканлиги ҳақида хабар берилди.

2019 йил октябр ойида Лондон Саутворк қироллик суди Ойсултонни бировнинг уйига ноқонуний киргани, полиция ходимига қаршилик қилгани учун бир йиллик шартли қамоқ жазосига маҳкум этилган. Ҳукмда 18 ой синов муддати ва наркотик моддаларга тобелигидан даволаниш қайд этилган.

Улашинг: