Андижонда банк эшигини бузиб ўғирликка тушган уч «шоввоз» ушланди

Андижондаги банклардан бирига ўғриликка тушганлар видеокамералар ёрдамида топилиб, қўлга олинди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида хабар қилинди.

Андижон вилояти ИИБ ахборот хизматининг берган хабарига кўра, 2021 йил 18 март кунидан 19 март кунига ўтар кечаси 3 нафар фуқаро бир гуруҳ бўлиб, олдиндан келишувга асосан, шерикларидан бирининг «Жигули» машинасидан фойдаланиб, ўғрилик қилади.

Улар Бўстон туманидаги «Ҳамкорбанк» Шаҳрихон тумани филиали Бўстон банк хизматлари офисига эшикни бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, бино ичида бўлган, сейфда сақланаётган, фуқарога тегишли 850 минг сўм пул, «Ҳамкорбанк» ёзувли штамп, «Кассир» ёзувли думалоқ печатни, 1 дона терминал ва 2 дона компьютер экранини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида гумонланувчилар Асака туманида яшовчи фуқаролар эканлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчилар Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Улашинг: