Ўзбекистонлик бошпанасиз мигрантларга 300 доллардан тўлаб берилади

Чет элда бошпанасиз қолган ўзбекистонлик мигрантларга молиявий ёрдам кўрсатилади. Бу ҳақда 31 март куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати биносида бўлиб ўтган Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлисида маълум қилинди, деб хабар беради Repost.

«Хорижда бошпанасиз қолган фуқароларга бошпана, яъни ҳостеллар (арзон отел) учун 300 доллар тўлаб берилади. Фуқаро мурожаат қилгач, у кўриб чиқилиб, пул фуқаронинг пластик картасига ёки ҳостел ҳисоб рақамига ўтказиб берилади», – дейди бандлик ва меҳнат вазирлиги биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов.

Қайд этилишича, вазирлик яратган веб-сайтдан 30 мингга яқин фуқаро фойдаланмоқда. Иш берувчилар билан тузилган шартномалар 160 тани ташкил этади.

«Ҳозирда фуқароларнинг чет элга кетиши учун касбий ва хорижий билим етишмаяпти. Бу кўплаб фуқароларимизнинг муаммоси. Шу сабабли мутлақо ишсиз, аёллар дафтари, темир дафтарга киритилган ҳамда шу каби ижтимоий ёрдам зарур бўлган фуқаролар учун бепул ўқитиш тизимлари йўлга қўйилган. Харажатлар Бандлик вазирлигининг суғурта жамғармасидан қоплаб берилади», – дейди Муҳитдинов.

Таъкидланишича, барча вилоятларда ташқи миграция агентлик ваколатхоналари ҳузурида алоҳида чиптахоналар бор. Шунингдек, меҳнат мигрантлари учун 20 фоизлик чегирмалар асосида авиа, темир йўл ва авто чипталари сотилмоқда.

Бундан ташқари, хориждаги мигрантлар учун суғурта хизмати бепул амалга оширилади.

Улашинг: